09:35 / 16.02.2023
3920

Ўзбекистон ва Германия сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказди

Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон ва Германия ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 18-давраси бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича вакили Матиас Луттенберг бошчилик қилди.

Тадбирда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, сиёсий алоқаларни кенгайтириш ва уларни амалий мазмун билан тўлдириш масалалари, турли даражадаги бўлажак мулоқотлар жадвали атрофлича муҳокама қилинди.

Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, жумладан, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга Германия сармоялари ва технологияларини жалб этиш, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Германияга экспортини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Имзоланган икки томонлама ҳужжатлар инвентаризация қилинди, шартномавий-ҳуқуқий базанинг жорий ҳолати, шунингдек, аввал эришилган келишувларнинг амалга оширилиш жараёни кўриб чиқилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон билан Германиянинг халқаро ташкилотлар ва молия институтлари орқали ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди. Хориж томони «Ўзбекистон-Германия-Европа Иттифоқи» форматида, жумладан, Германия ташқи ишлар вазирлигининг «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Top