Ҳоспис— тузалмас дардга чалинган беморларга касалликнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий ташкилот. Бу йўналиш Ўзбекистонда янги. Республикадаги биринчи «Таскин»болалар ҳосписи очилганига эндигина олти ой бўлди.Аммо мамлакатда бундай ташкилотларга эҳтиёж катта. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра,Ўзбекистонда биргина онкологик касалликларга чалинганлар сони тахминан 45 минг нафарга яқин. Шундан 10 минг нафарида ҳосписга муҳтожлик бор.
«Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, ҳоспислар жуда ҳам керакли ташкилот. Ўзбекистонда ҳали етарли эмас. Биз яратган 20 та ўрин жуда ҳам кам. Бизнинг ҳоспис фақат болалар учун, аммо бундай масканлар катталарга ҳам керак. Фақат онкологик йўналишда эмас, бошқа касалликларда ҳам муҳим бундай жойлар. Шунингдек, Тошкентдан ташқари бошқа вилоятларда ҳам очиш керак.Айтиш лозимки, ҳоспислар фаолияти давомийлиги ва иш сифати нафақат давлат кўмаги, балки ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийларга боғлиқ»,— дейди «Ezgu Amal» жамоат фонди бошқарув раиси Мунира Хўжахонова.
Ҳосписда ҳар бир хона бемор ва унинг қаровчиси — оила аъзоси учун уй шароитига яқин жиҳозланган. Масканда дори-дармон, озиқ-овқат ва барча хизматлар бепул.Айни пайтда ҳоспис хизматларидан 12 нафар бола фойдаланмоқда. Улар республиканинг турли ҳудудларидан келишган.
«Ўтган йилнинг май ойида қизимга бурун-ҳалқум хавфли ўсмаси эстезионейробластома ташхиси қўйилди. Бу касаллик ҳақида эшитгач, шокка тушганман. Ҳеч кимни эшитишни ҳам, кўришни ҳам хоҳламай қолганман. Кейин бу ерга келдик. Шароит ҳам, ходимлар ҳам жуда яхши. Психолог маслаҳатлари билан анча ўзимга келдим, кўнглим кенгайди. Қизимнинг ҳам ҳолати яхшиланди. Сентябрь ойида олиб келганимда қизим 45 кило бўлиб қолган, жуда чарчаганди. Иштаҳаси, гапиришга ҳоли йўқ эди. Бу ерда болаларнинг кўнглини кўтарадиган ҳар хил тадбирлар бўлар экан. Кайфият томондан анча ўзгарди. Ҳозир қизимнинг вазни 55 килога чиқди»,— дейди Адолат Бегимқулова.

Фотима Дўсмуродованинг айтишича эса ўғлини ҳосписга яқинда олиб келган. Оила бир йилдан бери тузалмас дард билан курашади.

















