Парад вақтида Шимолий Корея етакчиси трибунада ўзининг одатий жойини эгаллаганида, унинг ёнида кутилмаганда қора либосда безанган қизи ҳам пайдо бўлди. Тахминларга кўра, бу Ким Жу Э бўлиб, у давлат раҳбарининг ўртанча қизи ва у ҳозирда 10 ёш атрофида бўлиши мумкин.

Бу унинг омма қаршисида бешинчи бор кўриниш бериши ва буларнинг бари сўнгги уч ой ичида рўй берган.

Қисқа муддатда қизчанинг имижи сезиларли даражада ўзгарди. Шунчаликки, энди уни айнан Шимолий Кореянинг кейинги етакчиси бўлишга тайёрлашаётгани тобора ойдинлашмоқда.

Биринчи бор у одамлар олдида ўтган йил ноябрида, қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракета синови вақтида пайдо бўлганди. Ўшандаёқ шундай  спекуляция юзага келганди: бу қизалоқ кун келиб дунёдаги энг ёпиқ мамлакат раҳбарига айланмайдими?

Аммо ўша вақтда бундай тахминлар у қадар ишончли кўринмасди.

Ким Жу Э отаси билан илк фотосессиясида жуда ёш кўринганди. Фото: REUTERS

Оқ пуховик ва қизил туфли кийган, сочи орқага ўрилган ҳолатда у жуда ёш кўринарди. Бу суратга қараб унинг қўлидан тутиб олган Ким Чен Ин шунчаки ўзини намунали ота сифатида гавдалантирмоқчи эканини тахмин қилиш мумкин эди.

Аммо шундан кейин ёш Ким Жу Э ҳар сафар ўзига ишончи юқори қиёфада пайдо бўларди.

Сешанба куни кечқурун, парад арафасида у отаси билан бирга армия қўмондонлиги шарафига уюштирилган банкетга ташриф буюрди. Бу сафар у расмий қора костюм ва оқ блузка кийган, сочлари эса тартиб билан орқага таралганди.

Шимолий Корея сиёсатини кузатиб борувчиларнинг кўпчилигида бу фотосуратлар катта таассурот қолдирди. Суратларнинг ҳар бирида Ким Жу Э энг марказда, онаси ва отаси ўртасида жойлашган, атрофда эса уларни башанг кийинган юқори мартабали ҳарбийлар қуршаб турарди.

Ким Жу Энинг сўнгги фотосурати эса у ҳақда анча жиддий таассурот ҳосил қилди. Фото: KCNA

Яна бир интригали лаҳза - расмий манбаларда қизнинг пайдо бўлишини тавсифлаш учун танланган сўзлардир.

Ноябр ойи бошида давлат нашрлари уни Ким Чен Иннинг «севимли қизи» деб аташганди. Сешанба куни эса у энди «ҳурматли» қизга айланди, бу эса энг шарафли сифатлашлардан бири ҳисобланади.