DW хабарига кўра, Зеленский бу ҳақда 28 сентябр, душанба куни кечки мурожаатида маълум қилган. У Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳисоботидаги «янги маълумотлар»га таянган.

Украина президенти сўзларига кўра, айни пайтда КХДР ҳарбийлари тайёргарликдан ўтиш ва кейинчалик Россияга юбориш учун сараланмоқда.

Зеленский Россия расмийлари Украинага қарши урушда қатнашиш учун хорижликларни ёллаш кўламини оширишни режалаштираётганини ҳам айтган.

«Россия ўз армиясига одамларни жалб қилаётган мамлакатлар ҳукуматлари бунга қарши чора кўриши муҳим. Биз ҳар бир ҳукуматни хабардор қиламиз», — деган у.

Жанубий Корея разведкаси баҳолашича, Шимолий Корея Россияни урушда қўллаб-қувватлаш учун жами 15 мингга яқин ҳарбий хизматчини юборган. Пхенян бунинг эвазига Москвадан пул, ҳарбий технологиялар ва хавфсизлик кафолатларини олаётгани тахмин қилинмоқда.

Зеленский август ойида КХДР Россия ҳудудига 30 мингдан 50 минг нафаргача ҳарбий жойлаштириш ниятида эканини айтган эди.

Баёнот Киев ва Сеул ўртасидаги баҳс фонида янгради

Зеленскийнинг янги баёноти Украина ва Жанубий Корея ўртасида бир неча кун аввал юзага келган келишмовчилик фонида янгради.

Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён Зеленскийни махфийлик ҳақидаги келишувни бузганликда айблаб, Украина расмийларини кескин танқид қилган. Бунга Зеленскийнинг Курск вилоятидаги жангларда Украина Қуролли кучлари томонидан асир олинган икки нафар шимолий кореялик аскарнинг Сеулга топширилгани ҳақида очиқ маълум қилгани сабаб бўлган.

Зеленский офиси эса икки мамлакат ўртасида ушбу маълумотни ошкор қилмаслик бўйича келишув бўлмаганини билдирган. Сеул бу жавобни ёлғон деб атаган.

Yonhap агентлиги хабарига кўра, 28 сентябр куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Украина элчиси вазифасини бажарувчини чақиртирган. Вазир ўринбосари украиналик дипломатга ушбу масала юзасидан Сеулнинг қатъий позициясини етказган.