АҚШ президенти Доналд Трамп 19 август куни журналистлар билан суҳбатда КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан жорий йил охирига қадар учрашишни режалаштираётганини маълум қилди.

Оқ уй яқинида қурилаётган янги вертолёт майдончасини кўздан кечириш чоғида Трампдан Ким Чен Ин билан учрашиш режаси бор-йўқлиги сўралган. АҚШ президенти бунга «Ҳа, режалаштиряпман», деб жавоб берган.

Трампнинг таъкидлашича, ҳозирда Шимолий Корея ихтиёрида «57 та жуда кучли ядровий жанговар каллак» мавжуд.

«Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз керак эди. Агар мен президент бўлганимда, бундай ҳолат юз бермаган бўларди. Аммо ҳозир улар унда бор», — деди Трамп.

Шу билан бирга, АҚШ раҳбари Ким Чен Ин билан муносабатларини ижобий баҳолади.

«Мен у билан жуда яхши чиқишаман. У билан ҳаммаси яхши бўлади», — дея Трампнинг сўзларини келтиради AFP.

Агентлик қайд этишича, Трамп келтирган рақам экспертларнинг мавжуд баҳоларига яқин. Мутахассислар Пхенян ихтиёрида тахминан 50–60 та ядровий жанговар каллак бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Трамп бунга қадар ҳам Шимолий Корея раҳбари билан яна алоқа ўрнатилганига ишора қилган эди. Журналистларнинг икки раҳбар ўртасидаги мулоқот қай даражада экани ҳақидаги саволига у жараён «жуда ижобий» кечаётганини айтган, аммо бошқа тафсилотларни очиқламаган.

The Wall Street Journal 18 август куни америкалик расмийларга таяниб, Трамп ноябр ойида Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммити доирасида Ким Чен Ин билан учрашиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган.

Айни пайтда КХДР раҳбарининг синглиси Ким Ё Чжон 19 август куни акаси ва Трамп ўртасидаги янги алоқалар ҳақида «мутлақо ҳеч нарса билмаслигини» билдирди.

Шу билан бирга, у Ким Чен Ин ҳали ҳам АҚШ президентига нисбатан «илиқ муносабатда» эканини таъкидлаб, икки етакчи ўртасидаги шахсий муносабатларни «аъло даражада» деб баҳолади.