Planet компанияси томонидан сўнгги ҳафталарда олинган сунъий йўлдош тасвирлари Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги биринчи автомобил кўприги қурилиши қай даражага етганини кўрсатди.

Тасвирларга кўра, КХДР томонида кўприкка олиб борувчи инфратузилма тўлиқ қуриб битказилган. Дарё соҳилидан бир неча юз метр узоқликда божхона мажмуаси ва назорат-ўтказиш пункти барпо этилган.

Россия томонида эса ишлар ҳали давом этмоқда. Бу ерда чегара инфратузилмаси объектлари қуриляпти, кўприкка олиб борувчи автомобил йўли ҳам ҳозирча тўлиқ битмаган.

Йирик божхона биноси учун майдон тайёрланган ва келажакдаги автомобил йўли учун шағал ётқизилган. Бироқ манбага кўра, Россия томонидаги инфратузилма тижорий юк транспорти ҳаракатини бошлаш учун ҳали тўлиқ тайёр эмас.

Янги ўтиш жойи Россия—КХДР чегарасидаги Туманная дарёси, корейс тилида Туманган деб аталадиган ҳудудда жойлашган. Бу ерда икки мамлакатни боғловчи темирйўл ўтиш жойи анчадан бери мавжуд.

Совет даврида ушбу йўналиш орқали катта ҳажмда юк ташилган. 1991 йилдан кейин эса унинг аввалги аҳамияти сезиларли даражада пасайган.

Россия ва КХДР ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш масаласи 2024 йилда икки мамлакат «Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисида»ги шартномани имзолаганидан кейин яна фаоллашди. Ўша даврда мамлакатлар ўртасида автомобил кўприги қуриш бўйича ҳам қарор қабул қилинган.

Янги кўприк юк ташишдаги мавжуд муаммоларни қисман ҳал қилиши кутилмоқда. Хусусан, КХДРда стандартлаштирилган ISO контейнерлари етарли эмаслиги сабаб айрим юкларни бир темирйўл таркибидан бошқасига қайта юклашга тўғри келади. Бу эса ташиш жараёнини секинлаштиради.

Автомобил ўтиш жойи ишга туширилгач, юк машиналари икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри ҳаракатланиши ва темирйўлдаги ушбу чекловларни четлаб ўтиши мумкин бўлади.

Лойиҳа бўйича ўтиш йўлининг умумий узунлиги қарийб 5 километрни ташкил этади. Кўприкнинг ўзи унга туташ қисмлар билан бирга қарийб бир километрга чўзилади.

КХДР томонидаги қисм узунлиги 581 метр, Россия томонидаги қисми эса 424 метр бўлиши кўзда тутилган. Иншоотнинг кенглиги 7 метр бўлиб, унда ҳар бир йўналиш учун биттадан — жами икки ҳаракат тасмаси бўлади.