10:20 / 06.03.2023
3652

БМТда океанларни ҳимоя қилиш бўйича биринчи келишувга эришилди

Европа комиссияси океанларни ҳимоя қилиш бўйича биринчи глобал келишувни тарихий деб атади. Унда 2030 йилга бориб океан сувларининг 30 фоизга яқини муҳофаза этиладиган сув ҳудудларига айланиши назарда тутилган.

Фото: Ben J. Hicks / benjhicks.com

Европа комиссияси океанларни ҳимоя қилиш бўйича биринчи глобал келишувни олқишлаб, уни тарихий деб атади. «Океанларимиз учун тарихий лаҳза. Биз ва келажак авлодлар учун зарур бўлган денгиз ҳаёти ва биологик хилма-хилликни ҳимоя қилиш йўлида олға қатъий қадам ташламоқдамиз», - деди 5 март, якшанба куни Европа Иттифоқининг атроф-муҳит бўйича комиссари Виргиниюс Синкявичюс. У шартномани «Европа Иттифоқи асосий роль ўйнаган ўн йилдан ортиқ тайёргарлик ишлари ва халқаро музокараларнинг якуни» деб атади.

Куни кеча БМТнинг 100 дан ортиқ давлатлари ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида океанларни муҳофаза қилиш бўйича глобал шартномани маъқуллади. Ҳужжатга кўра, 2030 йилга бориб океан сувларининг 30 фоизга яқини қўриқланадиган ҳудудга айланади. Шартнома томонлари у денгиз ҳаётини ҳимоя қилиши ва тиклашига умид қилмоқда.

Шартнома предмети очиқ денгиз, яъни давлатлар чегарасидан ташқаридаги халқаро океан сувларидир. Ҳужжат деярли йигирма йил давомида тайёрланган. Мамлакатлар узоқ вақт давомида, асосан, балиқ овлаш квоталари бўйича келишмовчиликлар туфайли бир фикрга кела олмадилар. Битим матни энди қайта кўриб чиқилмайди, иштирокчи давлатлар уни фақат ратификация қилиши керак.

Шартнома ҳимояланган денгиз зоналарини яратишни назарда тутади. Ҳозирда океаннинг атиги 1,2 фоизи ҳимояланган. Эндиликда халқаро сувларнинг учдан бир қисми муҳофаза остига олинади, деб тахмин қилинмоқда. Муҳофаза қилинадиган ҳудудларда балиқ овлаш, юк ташиш йўллари ва фойдали қазилмалар қазиб олишда чекловлар мавжуд бўлади.

Океанлар - ноёб экотизим, миллиардлаб одамлар учун озиқ-овқат манбаи. У иқлимни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди ва сайёрадаги ортиқча иссиқликнинг 90 фоиздан ортиғини ўзлаштиради. Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи маълумотларига кўра, денгиз биологик турларининг деярли 10 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида.

Top