Лойиҳа шу турдаги тадқиқотлар учун махсус яратиладиган дунёдаги илк сузувчи сунъий «орол» сифатида тақдим этилмоқда. У катта илмий мажмуа имкониятларини кеманинг ҳаракатчанлиги билан бирлаштириши керак.
Платформадан Шанҳай Цзяо Тун университети фойдаланади. Уни лойиҳалаш ва қуриш Хитой давлат кемасозлик корпорацияси — CSSC таркибидаги Shanghai Waigaoqiao Shipbuilding компаниясига топширилган.
Қурилишни 2028 йилда бошлаш, тайёр платформани эса 2030 йил июнда буюртмачига топшириш режалаштирилган.
Узунлиги 138, эни 85 метр
Платформа катамаран шаклидаги иккита корпус ва ярим ботиқ асосий конструкцияга эга бўлади. Лойиҳага кўра, унинг узунлиги 138 метр, эни 85 метрни ташкил этади. Максимал ҳаракат тезлиги соатига қарийб 20 километрга етиши кўзда тутилган.
Икки корпусли тузилиш очиқ денгизда узоқ вақт ишлашда барқарорликни таъминлаши керак.
Техник талабларга кўра, платформа денгиз ҳолатининг халқаро шкаласи бўйича етти баллгача бўлган тўлқинланишда ишлай олиши лозим. Бундай шароитда сезиларли тўлқин баландлиги тахминан 6–9 метр бўлади.
Шунингдек, конструкция соатига 260 километрдан юқори барқарор шамол кузатиладиган кучли тайфунларга бардош беришга мўлжалланмоқда.
Тадқиқот учун жойини ўзгартира олади
Платформанинг асосий хусусиятларидан бири — мустақил ҳаракатланиш имконияти. Бир нуқтага доимий маҳкамланган денгиз иншоотларидан фарқли равишда, у илмий вазифаларга қараб бир ҳудуддан бошқасига ўта олади.
Бортдаги лабораториялар, яшаш хоналари ва кенг ишчи палуба олимларга портга тез-тез қайтмасдан, очиқ денгизда узоқ муддат тадқиқот олиб бориш имконини бериши кутилмоқда.
Олтита лаборатория нимани ўрганади?
Илмий мажмуада оғир денгиз ускуналари ва муҳандислик тизимларини синаш, хавфли денгиз ҳодисалари, метеорология ҳамда океан экотизимларининг узоқ муддатли ўзгаришларини ўрганиш режалаштирилган.
Тадқиқотлар катта чуқурликларда ишлаш технологияларини ҳам, Жаҳон океани ҳолатига таъсир қилувчи табиий жараёнларни ҳам қамраб олади.

















