Жамият | 01:26 / 09.03.2023
16572
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда фермерлар ўсимлик қолдиқларини ёқиб, табиатга катта зарар етказди

Ўзбошимчалик оқибатида табиатга катта миқдорда зарар етказилган. Иш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

7 март куни Сирдарё вилояти, Сирдарё туманининг «Шоликор» СИУ ҳудудидаги «Қолгансир» давлат ўрмон ва ов хўжалиги ер майдонида содир бўлган ёнғин юзасидан Табиат ресурслари вазирлиги ва тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида «Қолгансир» давлат ўрмон ва ов хўжалигига қарашли жами 10 гектар ер майдони ёнгани маълум бўлди.

Шундан 2 гектар ер майдонидаги манзарали дарахтлар тегишли тартибда хатловдан ўтказилиб, 4 турдаги 294 дона манзарали дарахт ўсишдан тўхтагани, 4 турдаги 217 дона манзарали дарахт эса ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастлангани аниқланган. Ўсимлик дунёсига 494 миллион 940 минг сўм зарар етказилган.

Ёнғиннинг келиб чиқишига «Шоликор» ва «Синдоробод» СИУ ҳудудида фаолият олиб борувчи 35 нафар фермер томонидан шолидан бўшаган ер майдонидаги ўсимлик қолдиқларининг ёқиб юборилиши сабаб бўлган. Оқибатда 311,7  гектар дала ер майдони ёнган.

Ёнғин оқибатида ернинг унумдор қатламидаги балл бонитети пасайишига сабаб бўлган ҳолатлар бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар қилиниб, 295 миллион 627 минг сўм зарар миқдори белгиланган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

7 март куни Сирдарё вилояти ФВБ «Қолгансир» ўрмон ва ов хўжалиги ҳудудида тахминан 5 гектар майдонда қуруқ ўт ва қамишлар ёнгани, ёнғин ярим соат ичида ўчирилгани ҳақида хабар берган эди. 

Мавзуга оид