Гулнора Каримова жиноий йўл билан ўзлаштирган маблағлари эвазига Буюк Британия компанияларидан кўчмас мулк ва самолёт сотиб олишда фойдаланган. Бу ҳақда Freedom For Eurasia'нинг янги суриштирувларига таянган ҳолда, BBC хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Лондон ва Британия Виржиния оролларида жойлашган бухгалтерия фирмалари бу шубҳали битимларга аралашган.

“Каримованинг Буюк Британиядаги мулкларни осонлик билан қўлга киритиши “хавотирли ҳолат”, – дейилади ҳисоботда.

Гулнора Каримова 1989 йилдан то 2016 йилгача Ўзбекистон раҳбари сифатида ишлаган мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ҳисобланади. “Googoosha” тахаллуси билан қўшиқлар куйлаган, заргарлик компаниясига асос солган, Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси сифатида ишлаган.

Аммо у 2014 йилда жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлди. Кейинчалик Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган.

Прокурорлар уни 12 мамлакат, жумладан, Буюк Британия, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларидаги 1 миллиард доллардан ортиқ маблағларни назорат қилган жиноий гуруҳнинг аъзоси бўлганликда айблаган.

“Каримова иши барча даврлардаги энг йирик порахўрлик ва коррупция ҳолатларидан биридир”, дейди Freedom For Eurasia ҳисоботи муаллифларидан бири, Оксфорд университети тадқиқотчиси Том Мейн.

Каримова ва унинг шериклари коррупцион дея даъво қилинган фондлар орқали қўлга киритилган мулкларнинг айримларини аллақачон сотишга улгурган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар кўчмас мулк реестрлари ҳужжатларини ўрганиш орқали Гулнора Каримова қамоққа олинишидан олдин шубҳали фондлар орқали турли мамлакатлар – Британия, Швейцария, Франция, Дубай ва Гонконгда камида 14 та мулк сотиб олганини аниқлашган.

Янги ҳисоботда Лондон ва унинг атрофидаги 50 миллион фунт қийматдаги 5 та мулкка эътибор қаратилган. Улар орасида Букингэм саройи ғарби ва Белгравиядаги квартиралар, Мэйфей ва Суррейдаги 18 миллион фунтлик уй бор.

Каримова қамоққа олинишидан олдин, 2013 йилда Белгравиядаги иккита квартира сотилган. Қолган кўчмас мулклар эса 2017 йилда Британия ҳукумати томонидан музлатилган.

Freedom For Eurasia ҳисоботида, Лондон ва Британия Виржиния оролларидаги фирмалар номи ҳам тилга олинган. Улар Каримова ёки унинг шерикларига кўчмас мулк ва шахсий самолётлар харид қилишга кўмаклашган бўлиши мумкин.