Мактабларда 5,2 млн ўқувчи ўрнига 6,3 млн ўқувчи таълим олаётгани маълум бўлди
Депутатлар ўқувчилар сони мактабларнинг мавжуд сиғимидан сезиларли даражада ортиқлигини аниқлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан таълим соҳасига оид ҳужжатларнинг ижро этилиши ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.
Ушбу ўрганишлар якунларига кўра, бугунги кунда ўқувчилар сони мактабларнинг мавжуд сиғимидан сезиларли даражада ортиқлиги аниқланган. Бу эса қўшимча бинолар қуриш эҳтиёжини юзага келтирмоқда.
Ўзбекистондаги 10 минг 104 та умумий ўрта таълим мактаби 5,2 миллион ўқувчига мўлжалланган бўлса-да, уларда 6,3 миллион ўқувчи таълим олмоқда. 673 та мактабнинг навбатлилик коэффициенти эса белгиланган нормалардан юқори.
2022 йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 942 та мактабга давлат бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилган. Аммо айрим ҳудудлардаги мактабларнинг моддий-техник таъминотини ва инфратузилмасини ушбу маблағ доирасида яхшилаш борасидаги ишлар шу кунга қадар бошланмаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида соҳадаги ўрганишлар якунларидан келиб чиқиб, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага «Мактабларнинг ўқувчи ўринларини ошириш, уларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш ҳамда оптик толали интернет тармоғига улаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
13:56 / 04.12.2024
«Бир миллион дастурчи» лойиҳасида энг яхши натижа кўрсатган мактабга электромобил берилади
22:48 / 03.12.2024