Аллергияни олдиндан билса бўладими?
Ҳозиргача дунёда бирор тиббиётда аллергияни олдиндан айтиб бериш усули йўқ. У исталган нарсага нисбатан пайдо бўлиши мумкин. Масалан, овқатлар, ўсимлик чанги, уй ҳайвонларининг сўлаги ва юнги, ҳашаротлар чақиши, уй чанги ва моғори, маиший техника, косметика воситалари, латекс — буларнинг исталган бири инсон иммун тизимида ўта тўлқинли реакция келтириб чиқаради. Аллергия ҳар қандай инсонда пайдо бўлиши мумкин. Олимлар айнан қайси механизмлар иммунитетда ушбу сирли кўринишдаги носозликлар келтириб чиқаришини ҳануз аниқлаганлари йўқ. Бу шуни англатадики, дунёда аллергиядан тўлиқ ҳимояланган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳозир баҳор ойи бўлгани сабаб дарахтлар гуллаши, ўсимликлардан ажраладиган чанг зарралари иммун тизими заифлашган кишиларда аллергияга мойилликни юзага келтириши мумкин.
Баҳорий аллергия белгилари
Баҳор ойида аллергиянинг пайдо бўлиши ва белгилари ҳақида Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқова маълумот берди.
Шифокорга кўра, мавсумий аллергия асосан 20 микрометрдан 50 микрометргача бўлган ўсимлик чангчалари туфайли пайдо бўлади ва тиббиётда поллиноз деб аталади. У асосан бурун шиллиқ пардалари, юқори нафас йўллари ҳамда кўз конюнктивасига таъсир кўрсатади.
Бу турдаги хасталикни уч даврга бўлиш мумкин.
- Илк босқич март ойи бошидан май ойи ўртасигача давом этади. Яъни дарахтлар гуллаган пайтда беморларда хасталик қўзғалади.
- Иккинчи босқич май ойидан июл охири ва август бошигача кузатилади. Бу мавсумда дала ўтлари гуллайди.
- Учинчи босқич бошоқли ўсимликлар гулга кириши билан боғлиқ бўлиб, у август ойидан ноябргача бўлган даврни ўз ичига олади.
Аслида инсон аллерген билан тўқнашганда, аллергик реакция дарҳол юзага келмайди. Иммун тизими аста-секин моддага нисбатан сезгирликни оширади. Вақт ўтиб, тана ўзига хос юқори реакцияга эга бўлиб, бу жараён сенсибилизация деб аталади.
Баҳорги аллергия кўпинча аксириш, буруннинг битиши, қичишиши ёки кўп миқдорда оқиши, кўзларнинг шишиши, ёшланиши ва баъзан йўтал билан намоён бўлади. Шунингдек, тери кўчиши, қичишиш, қуруқлашиш, қизариш ва ундаги қизғиш тошмалар ҳам аллергияга оид белгилардир.

















