Жаҳон | 08:56 / 21.03.2023
9534
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Евроиттифоқнинг Путинни ҳибсга олиш ордери ҳақидаги баёнотини блоклади

Венгрия Европа Иттифоқининг Путинни ҳибсга олиш ордери бўйича қўшма баёнотига тўсқинлик қилди, бу эса Боррелнинг фақат ўз номидан баёнот беришига олиб келди.

Фото: Dailynews

Венгрия Европа Иттифоқи давлатларининг Россия президенти Владимир Путинни Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан ҳибсга олишга ордер берилгани ҳақидаги қўшма баёнотини нашр этишга тўсқинлик қилди. Бу ҳақда 20 март, душанба куни манбаларга таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди.

Будапештнинг позицияси туфайли Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ўз номидан баёнот бериб, ХЖС қарорини «эслатмага олганини» айтди. «Халқаро жиноий суднинг Владимир Путинга қарши қарори жуда муҳим воқеа, ўйинни ўзгартирувчи омил», деди Боррел ва ордерни «Россия раҳбарларини Украинадаги жиноятлар учун жавобгарликка тортиш жараёнининг бошланиши» деб атади.

20 март куни Европа Иттифоқи адлия вазирлари ХЖС қарорини қўллаб-қувватловчи ўз баёнотларини эълон қилишди, Венгрия уни ҳам имзоламади, деб таъкидлайди Bloomberg.

Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мате Пацолай Bloomberg'нинг вето ҳақидаги маълумотларини рад этиб, Будапешт ҳақиқатда Путиннинг ҳибсга олиниши ҳақидаги ордерига изоҳ беришни истамаслигини айтди.

«Ҳақиқат шуки, Венгрия Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелга қуйидаги позицияни билдирди: Венгрия ХЖС қарорини эътиборга олади ва бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ беришни истамайди. Аммо, агар олий вакил ёки ҳар қандай Европа Иттифоқи давлати баёнот билан гапиришни истаса, Венгрия бунга эътироз билдирмайди», деди Пацолай.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид