Петер Мадяр 4 сентябр куни Венгрия украиналик ҳарбий хизмат ёшидаги эркакларни қабул қилиш масаласида мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Будапешт ЕИнинг вақтинчалик ҳимоя бўйича янги ёндашувига қўшилмайди.

Европа Иттифоқи июл ойи ўрталарида украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя бериш шартларини қайта кўриб чиққан эди. Янги тартибга мувофиқ, ўз мамлакатида белгиланган ҳарбий мажбуриятларни бажармаган ҳарбий хизматга мажбур шахслар вақтинчалик ҳимоя дастури доирасига кирмайди.

Мадяр бу ёндашувни қабул қилиб бўлмас деб баҳолади.

Унинг таъкидлашича, Венгрия бошқача йўл тутади ва мамлакат ҳудудига келган чақирув ёшидаги эркакларга ҳам бошпана бериш ҳуқуқини сақлаб қолади. Бош вазир бу борада, энг аввало, Карпатортида яшовчи этник венгрлар манфаатлари инобатга олинишини айтди.

Будапешт Брюссел билан келишмаяпти

Венгрия бош вазирининг фикрича, ЕИнинг янги қоидалари айрим украиналикларни амалда уруш давом этаётган мамлакатда қолишга мажбур қилиши мумкин.

Украина фуқаролари учун вақтинчалик ҳимоя тизими Европа Иттифоқида 2022 йил март ойидан бери амал қилади. Унинг амал қилиш муддати 2028 йил 4 мартгача узайтирилган.

Янги талабларга кўра, вақтинчалик ҳимоя олишни истаган шахс ҳарбий ҳисоб ва ҳарбий мажбуриятлар билан боғлиқ талабларни бузмаганини тасдиқлаши керак бўлади.

Брюссель бу ўзгаришларни Украинанинг мудофаа эҳтиёжлари билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, янги талаблар ЕИ давлатларида вақтинчалик ҳимоя мақомини аввалдан олган украиналикларга татбиқ этилмайди.

Қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

Вақтинчалик ҳимоя олиш учун мурожаат қилган украиналиклар энди ҳарбий ҳисоб ва хизмат мажбуриятларига оид қонунбузарликка йўл қўймаганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши лозим.

Бундай тасдиқ сифатида Украина чегарасини қонуний кесиб ўтганлик белгиси қўйилган паспорт қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, ариза берувчи қонунда белгиланган ҳарбий мажбуриятларни бажарганини кўрсатувчи қоғоз ёки электрон ҳужжат тақдим этиш ҳуқуқига эга.