Жаҳон | 11:12 / 22.03.2023
11395
2 дақиқада ўқилади

Францияда пенсия ислоҳотига қарши намойишлар давом этмоқда

Бир вақтнинг ўзида Франциянинг бир нечта шаҳарларида намойишлар бўлиб ўтди, Парижда камида 40 нафар намойишчи ҳибсга олинди.

Фото: Reuters

Франциянинг бир қанча шаҳарларида қабул қилинган пенсия ислоҳотига қарши яна оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 22 март, чоршанбага ўтар кечаси Парижда 46 киши ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда dpa агентлиги Франция ОАВга таяниб.

Намойишчилар полиция ходимларига қарата петардалар улоқтириб, чиқинди қутилари ва мотоскутерларни ёқиб юборишган. Ўз навбатида полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Le Parisien газетасининг ёзишича, Лилл, Гренобл, Ренн, Нант ва Ле Манда катта намойишлар бўлиб ўтган.

Францияда парламентни четлаб ўтиб қабул қилинган пенсия ислоҳоти туфайли оммавий норозиликлар тинмаяпти. Макрон ҳукумати конституциядаги вазирлар маҳкамаси кейинчалик бошланган ишончсизлик вотумига бардош бериши шарти билан, ислоҳотни овоз беришсиз амалга оширишга рухсат берувчи моддадан фойдаланди. Натижада Франция Миллий ассамблеяси икки марта ишончсизлик вотумини рад этди.

Пенсия ислоҳоти 2030 йилга бориб пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача босқичма-босқич оширишни, шунингдек, энг кам пенсия миқдорини 1200 еврога етказишни назарда тутади. 15 март куни ярим миллионгача одам ислоҳотга қарши намойишга чиқди. Франция президенти Эммануэл Макрон вазиятни юмшатиш учун 22 март куни мунозарали ислоҳот ҳақида омма олдида чиқиш қилишни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид