Жаҳон | 10:12 / 22.03.2023
6118
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби: Хавфсизлик билан боғлиқ вазият узоқ муддатга ўзгарди

Шимолий Атлантика альянсининг 2022 йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилар экан, Йенс Столтенберг Европа ва Канадада мудофаа харажатларининг ўсишини олқишлаб, аъзо давлатларни бу йўналишда ҳаракат қилишни давом эттиришга чақирди.

Фото: AP

Украинадаги уруш ҳаттоки яқин кунларда тугаса ҳам, хавфсизлик муҳити узоқ муддатга ўзгарди. Бундай баҳони НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 21 март, сешанба куни альянснинг Брюсселдаги штаб-квартирасида НАТОнинг 2022 йилдаги фаолияти натижаларини тақдим этган матбуот анжуманида билдирди.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, «асосийси Швеция ва Финландия тезда НАТОнинг тўлақонли аъзосига айланишларидир». Бу мамлакатларнинг иттифоққа қабул қилиниши уларни хавфсизроқ, НАТОни эса кучлироқ қилади. Бундан ташқари, бу қадам альянс эшиклари очиқлигини кўрсатади, дея таъкидлади ташкилот бош котиби.

Россиянинг Украинага қарши урушига изоҳ берар экан, Столтенберг Ғарб иттифоқчилари учун «бу шок бўлгани, аммо кутилмаган ҳолат бўлмаганини» таъкидлади. «Бу [Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши] тажовузкор ҳаракатлар моделининг чўққиси бўлди», деб тушунтирди НАТО бош котиби.

Шу билан бирга, Столтенберг 2022 йил июнь ойида Мадридда бўлиб ўтган НАТО саммитида Россияни «терроризм таҳдиди давом этаётгани билан бирга», «хавфсизлик учун энг муҳим таҳдид» деб ҳисоблайдиган стратегик концепция қабул қилинганини эслатиб ўтди. Унда, шунингдек, Хитой иттифоқнинг манфаатлари, хавфсизлиги ва қадриятларига қарши чақириқ экани айтилган.

Бундан ташқари, Столтенберг Россиянинг Украинага қарши уруши фонида альянсга аъзо кўплаб давлатлар ҳарбий харажатларни оширишини эълон қилганини таъкидлади. «Энди бу ваъдалар реал пул, шартномалар ва аниқ жиҳозларга айланиши керак. Чунки мудофаа харажатлари биз қилаётган ҳар бир ишнинг марказида», - деди НАТО бош котиби. Шу билан бирга, у 2023 йил июлида Вилнюсда бўлиб ўтадиган альянс саммитида аъзо давлатлар ҳарбий бюджетлар бўйича янада улкан мажбуриятларни олишини кутаётганини билдирди.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, 2022 йил Европа ва Канадада мудофаа харажатлари кетма-кет саккизинчи йил оширилди. Умуман олганда, улар 2014 йилдан бери 350 миллиард долларга ўсди.

Мавзуга оид