«Россия ветеранлари» Ротарунинг мулкини мусодара қилиш талабини қўйди
Россия ташкилоти Бош прокуратура ва Тергов қўмитасига қўшиқчи София Ротарунинг мол-мулкини мусодара қилиш талаби билан мурожаат йўллаган. Қўшиқчи тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Украинани қўллаб-қувватлади.
«Россия ветеранлари» жамоат ташкилоти қўшиқчи София Ротаруни урушга қарши позицияси туфайли Москва ва аннексия қилинган Қримдаги кўчмас мулкидан маҳрум қилиш илтимоси билан Россия Бош прокуратураси ва Тергов қўмитасига мурожаат йўллади. Бу ҳақда 10 апрель, душанба куни ташкилот ижрочи директори Вадим Мироненко ТАСС агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Биз унинг Москва ва Ялтадаги кўчмас мулкини олиб қўйишни, сотишни ва тушган пулни Россия Қуролли кучлари эҳтиёжларига сарфлашни талаб қиламиз», деди у. Мироненко Ротарунинг Москвадаги Зоология кўчасида жойлашган уч хонали квартираси ҳақида гапираётганини таъкидлади.
Аввалроқ, «Россия ветеранлари»нинг яна бир вакили Илдар Резяпов хонандани қонунбузарликлар бўйича текширишга ва «Россия ҳудудидаги барча мол-мулкини мусодара қилишга» чақирган эди. «Мусодара қилинган мулкни сотишдан тушган барча пуллар Россия томонидан аннексия қилинган Украина вилоятларидаги камбағалларнинг ижтимоий эҳтиёжларига ва Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашаётган «кўнгилли бўлинмаларни қўллаб-қувватлашга» йўналтирилиши керак», деди у.
«Россия ветеранлари» «ватанпарварлик позицияси етарли бўлмаган рус юлдузларига нисбатан бир неча бор шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқишган. Хусусан, улар Валерий Меладзе, Артур Смолянинов ва Максим Галкинни жавобгарликка тортишга чақиришган.