Мазкур талаблар Европа Иттифоқининг Экодизайн регламенти (ESPR) доирасида 19 июл куни кучга кирди. Янги тартиб маҳсулотларнинг хизмат муддатини узайтириш, чиқиндилар ҳажмини қисқартириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган.
Қайси ҳолатларда истисно қўлланади?
Қоидаларга кўра, фақат айрим ҳолатларда маҳсулотларни йўқ қилишга рухсат берилади. Хусусан, агар маҳсулот хавфсизлик талабларига жавоб бермаса, жиддий шикастланган ёки ифлосланган бўлса, шунингдек уни қайта ишлаш имкони бўлмаса, утилизация қилиш мумкин.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқидаги хайрия ташкилотларига таклиф этилган, аммо белгиланган муддатда қабул қилинмаган товарларни ҳам йўқ қилишга рухсат берилади.
Истеъмолчилар учун қандай ўзгаришлар бўлади?
Германия Чакана савдо уюшмаси (HDE) фикрича, янги тартиб харидорлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Чунки компаниялар сотилмай қолган маҳсулотларни йўқ қилиш ўрнига уларни аутлетлар ёки иккинчи қўл товарлари бозори орқали чегирма нархларда сотишга ҳаракат қилади.
Бу эса арзонроқ маҳсулотлар таклифининг ортишига хизмат қилиши мумкин.
Ҳар йили юз минглаб тонна тўқимачилик чиқиндиси ташланади
Европа комиссияси маълумотига кўра, фақат кийим-кечакни утилизация қилиш жараёнининг ўзида йилига 5,6 миллион тонна СО₂ атмосферага чиқарилади. Бу тахминан 2–3 миллион автомобилнинг бир йиллик чиқиндисига тенг.
Европа атроф-муҳит агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили Европа бўйлаб 600 минг тоннагача умуман кийилмаган тўқимачилик маҳсулотлари чиқиндихоналарга ташланади.
Фақат Германиянинг ўзида 2021 йилда харидорлар қайтарган қарийб 17 миллион дона кийим-кечак йўқ қилинган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу катта миқдордаги хомашё, сув ва энергия ресурсларининг беҳуда сарфланишига ҳамда иқлим ўзгаришига салбий таъсир кўрсатади.
Янги қоидалар танқидларга ҳам сабаб бўлди
Янги тартиб Европа Иттифоқининг маҳсулотларни узоқроқ хизмат қиладиган, таъмирлаш ва қайта фойдаланиш мумкин бўлган ҳолга келтириш орқали айланма иқтисодиётни ривожлантириш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Бироқ Германия Тўқимачилик ва мода саноати уюшмаси ушбу қоидаларни танқид қилди. Уларнинг фикрича, янги талаблар соҳанинг амалий эҳтиёжларини тўлиқ ҳисобга олмаган, бизнес учун ортиқча бюрократик юклама яратади ва «тезкор мода» (Fast Fashion) муаммосини ҳал қилмайди.
Экологик масалалар бўйича эксперт Йонас Штраке ҳам самарали йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш тизими яратилмас экан, мазкур тақиқ кутилган натижани бермаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, амалдаги шароитда қонун айланма иқтисодиётни ривожлантиришга ҳали етарлича ҳисса қўша олмайди.
Экодизайн регламенти (ESPR) 2024 йилдан амал қилмоқда. 19 июлдан бошлаб сотилмай қолган тўқимачилик маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича тақиқ йирик компаниялар учун кучга кирди. Ўрта бизнес субъектлари учун эса ўтиш даври белгиланган бўлиб, улар ушбу талабларни 2030 йилгача босқичма-босқич жорий этади.











