Украина Ҳарбий-денгиз кучлари (ҲДК) маълум қилишича, ҳодиса 19 июл куни содир бўлган. Гвинея-Бисау байроғи остида ҳаракатланган Golden Leo кемаси ҳужум вақтида Қора денгиздаги жанг ҳудудини тарк этиб, дон юки билан хавфсиз йўналишга чиқиб кетаётган бўлган.
Украина томонининг маълумотига кўра, кема Туркия компаниясига тегишли бўлган.
Кемада ёнғин юз берди
Дастлабки маълумотларга кўра, Россия қўшинлари кемага учта қанотли ракета учирган. Зарбалардан бири кеманинг ўнг томонидаги устки қисмига теккан ва натижада кучли ёнғин чиққан.
Аввалига беш нафар денгизчининг ҳалок бўлгани, яна беш нафар экипаж аъзосининг бедарак йўқолгани хабар қилинган эди. Кейинроқ Украина бош вазирининг тикланиш, инфратузилма ва транспорт масалалари бўйича ўринбосари Николай Калашник қурбонлар сони олти нафарга етганини, тўрт киши эса ҳали ҳам бедарак эканини маълум қилди.
Ҳалок бўлганлар орасида украиналик лоцман ҳам бор
Ҳужумдан сўнг саккиз нафар экипаж аъзоси қутқарилиб, Одесса шаҳридаги шифохоналардан бирига олиб кетилган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, экипаж таркибида Сурия ва Ҳиндистон фуқаролари ҳам бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида украиналик лоцман ҳам борлиги тасдиқланган.
Украина: «Бу тинч кемачиликка қарши террорчилик ҳаракати»
Украина Ҳарбий-денгиз кучлари ушбу ҳужумни ҳарбий таҳдид туғдирмаган, хориж байроғи остидаги қуролсиз фуқаролик кемасига қарши қасддан амалга оширилган зарба деб баҳолади.
Расмий Киев бу ҳодисани тинч кемачиликка қарши террорчилик ҳаракати ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларининг қўпол бузилиши сифатида баҳоламоқда.
Киев халқаро ҳамжамиятни хабардор қилмоқчи
Украина бош вазири Сергей Корецкий мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига ҳужумдан жабр кўрган давлатлар ҳамда халқаро ҳамкорларни расман хабардор қилиш топшириғини берганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Украина ҳарбий қўмондонлиги билан биргаликда фуқаролик кемалари ва денгизчилар хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган қўшимча чораларни ишлаб чиқмоқда.
Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха эса Россия бир кун аввал ҳам Антигуа ва Барбуда байроғи остида ҳаракатланган яна бир хорижий савдо кемасига ҳужум қилганини эслатди. Ўша ҳужумда бир денгизчи ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган.
Сибиханинг таъкидлашича, Украина халқаро денгиз ташкилотлари билан ҳамкорликда мамлакат портларига халқаро мониторинг миссиясини юбориш ташаббусини илгари сурмоқда. Киев ушбу миссия кузда ўз ишини бошлаб, Қора денгиздаги ҳар бир ҳужумни ҳужжатлаштириши ва келгусида айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқий асос яратишига умид қилмоқда.











