Шу кунларда АҚШ махсус хизматларининг Украинадаги уруш ва баъзи бошқа соҳаларга доир разведка маълумотлари ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Кўпчилик буни махсус дезинформация операцияси деб тахмин қилмоқда.

АҚШ ва Буюк Британия бу борада катта тажрибага эга. Чунончи, тарихдаги энг йирик ва муҳим дезинформация операцияси 1943 йилда, АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари томонидан ўтказилган эди. Бу операция оқибатида Иккинчи жаҳон урушида бурилиш ясаган воқеалардан бири — Италиянинг таслим бўлиши тезлашганди.

1943 йил

1943 йилга келиб АҚШ – Буюк Британия – СССР иттифоқи фашистик давлатлар блокига қараганда кўпроқ устунликка эриша бошлади. Ўша йилнинг феврал ойида Сталинград қамали тугади ва Германия қақшатқич зарбани қабул қилди. Немис генерал-фелдмаршали Фридрих Паулюс асирга олинди.

Сталинград жанги қатнашчилари

Бу пайтда АҚШ ва Буюк Британия бирлашган кучлари Шимолий Африкада муваффақиятга эришди ва немисларни Африкадан қувиб чиқарди. Эндиликда иккинчи фронт очиш учун ҳарбий ҳаракатларни Европага кўчириш керак эди. Лондон ва Вашингтондагилар 1944 йилгача Ла-Манш орқали Францияга қўшин тушириш мумкин эмас деб ҳисобларди.

Уларда иккита вариант бор эди: биринчиси – Италиянинг Сицилия оролини эгаллаш ва Ўрта Ер денгизи назоратини тўлиқ қўлга олиш, иккинчиси – Греция ва Болқон яриморолига қўшин тушириб, СССР билан биргаликда Болқондаги Германия армиясини қуршовга олиб, Германияни Болқондаги муҳим хомашё манбаларидан узиб қўйиш.

Ўша пайтда кўпчилик иттифоқчилар Сицилияга қўшин туширишини тахмин қиларди, чунки орол десант ташлаш учун анча қулай ва яқинроқ эди. 1943 йил Марокашнинг Касабланка шаҳрида ўтказилган конференцияда Сицилияга ҳужум қилиш варианти танлангач, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл «Нишон Сицилия бўлишини аҳмоқлардан бошқа ҳамма билади» дея киноя қилади.

Ҳитлер Болқон қўлдан кетса, у ердаги немис армияси учун муҳим бўлган мис, боксит, хром ва нефтдан айрилишдан хавотирда эди. Шунинг учун фашистик гуруҳда бу борада икки хил қараш пайдо бўлади. Италия раҳбари Муссолини ҳужум Сицилияга бўлишига амин эди ва Ҳитлердан ҳимоя учун оролга қўшимча дивизиялар ташлашни сўрайди. Аммо Ҳитлер қарор қабул қилишга иккиланади.

Иттифоқчилар айнан шу вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилади. Улар Ҳитлерни ҳужум Болқон ва Грецияга бўлишига ишонтириш учун махсус дезинформация операциясини ўтказади.