Сўнгги йилларда Ўзбекистонда банк тизимининг ривожланиши ортидан молиявий фирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпайди. Хусусан, 2022 йил сентябрда ижтимоий тармоқларда камида учта банкка – Инфинбанк, Асакабанк ва Анорбанкка ҳакерлик ҳужумлари уюштирилгани ва миллионлаб доллар ўғирлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Банкларнинг иккитаси вазиятга расмий муносабат ҳам билдирди.

Жумладан, Инфинбанк ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни инкор этмаган ҳолда, фақатгина айтилаётган суммалар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди, аммо ўғирланган пул миқдори ҳақида аниқ маълумот бермади.

Асакабанк ҳам муносабат билдириб, бу ҳодиса мижозлар жамғармаларига таъсир қилмаслигини келтириб ўтди, ўз навбатида банк ҳисобидан 700 минг доллар ўғирлангани ҳақидаги маълумотни рад этмади.

Бир неча кун ўтиб Анорбанкдан ўғирланган пул миқдори 2 млн долларни ташкил этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Анорбанкдан муносабат бўлмади, лекин ўз телеграм каналида мижозларига пулларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган қоидаларни тақдим қилди.

BBC ўзбек хизматига аноним тарзда гапиришга рози бўлган шахснинг айтишича, россиялик ҳакерлар Ўзбекистондаги бир нечта банкларнинг кибер-хавфсизлик тизимларини бузиб кириб миллионлаб доллар ўғирлашган. Унга кўра, бунга улар оддий ўзбекистонликларни жалб қилиб, уларнинг банк карталаридан фойдаланган. Унинг ўзи ҳам бир неча марта сўроқ қилинган.

Kun.uz мазкур жиноят ишига доир саволлар билан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди, лекин ҳозирча жавоб бўлмади.

BBC суҳбатдошининг таъкидлашича, мазкур фирибгарлик ишига 200га яқин ўзбекистонлик жалб қилинган, умумий ҳисобда эса 7 миллион доллар ўғирланган бўлиши мумкин.

BBC: Сиз бу ишга қандай аралашиб қолдингиз? Ҳаммаси қандай бошланди?

Аноним суҳбатдош: — Бу иш сентябрь ойида бошланган. Ҳозирда ҳибсга олинган 16 киши тахминан 200 дан ортиқ мобил фойдаланувчиларнинг қурилмаларига ўрнатилган иловалардан пул ўтказмаларини амалга оширган. Хусусан, менинг телефонимдан фойдаланилган ҳолда, илова очилган, кейин унга пул туширилган, маблағнинг бир қисми бошқа фойдаланувчига ўтказилган, маълум қисми олиб қолинган. Кейинчалик аниқланиши бўйича, бу банкларда йўқолган пуллар экан. Буни билмаганмиз. Гувоҳ сифатида бир неча марта чақиришди. Телефонимни олган дўстим ҳам менинг айбим йўқлигини тасдиқлади.