Сурхондарёда юзлаб одамларни чув туширган автофирибгарлар жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Термиз шаҳрида фаолият юритган “Surkhan autocenter” МЧЖ фаолияти ортида 700 нафардан ортиқ ватандошнинг 35 млрд сўмдан зиёд маблағини ҳавога совурган фирибгарлик тармоғи яширинган бўлган.
Иш ҳужжатларига кўра, ҳаммаси 2022 йилда бошланган. Автомашина олди-сотдиси билан шуғулланиб келган Акмал Тўраев 2024 йил бошида ўз фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида “Surkhan autocenter” МЧЖни таъсис этган. Сўнгра автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳеч қандай шартномаси бўлмаса-да, одамлардан янги машина ваъдаси билан миллиардлаб пулларни жамият кассасига қабул қила бошлаган. Аммо пуллар мижозларга машина сотиб олишга эмас, Акмал Тўраевнинг шахсий манфаатларига сарфлаб юборилган.
Ваъда қилинган муддат етиб келиб, алданган одамлар шовқин-сурон кўтара бошлагач, Тўраев янги бир найранг ўйлаб топган. У “ариза қилишини” айтган айрим мижозларга танишларидан қиммат нархда машина сотиб олиб топширган. Сўнгра ушбу жараённи видеотасвирга олган ҳолда гўёки ҳаммага машиналар вақтида берилаётгандек қилиб кўрсатган.
Қайд этилишича, ушбу жиноятни Акмал Тўраев опаси, акаси, турмуш ўртоғи, қайнсингили ва бошқалар билан амалга оширган.
Ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан фирибгарлик ва бошқалар билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Жиноят иши ЖИБ термиз шаҳар судида кўриб чиқилган. Суднинг 2026 йил 1 июлдаги ҳукми билан судланувчилар жуда кўп миқдорда фирибгарлик, солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятларида айбли деб топилган.
5 нафар судланувчининг бирига 9,5 йил, бирига 5 йил ҳамда 3 нафарига 6 йил 2 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Иш бўйича етказилган зарарни қоплаш мақсадида вилоят ИИБ депозит ҳисоб рақамига тўланган 155 млн 979 минг сўм пул маблағи 462 нафар жабрланувчига 337 минг сўмдан берилиши белгиланган. Шунингдек, судланувчилардан юзлаб жабрланувчилар фойдасига етказилган зарарни қоплаш назарда тутилган.












