Жаҳон | 09:12 / 20.04.2023
4463
2 дақиқада ўқилади

ЕИ парламенти - Молдованинг 2023 йилда аъзолиги бўйича музокаралар тарафдори

Европарламент Молдова бўйича резолюцияни қабул қилиб, Брюсселни 2023 йил охиригача мамлакатнинг ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлашга, шунингдек, қочоқ Молдова олигархларига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.

Фото: AP

19 апрель, чоршанба куни Европа Иттифоқи парламенти Молдова бўйича резолюцияни қабул қилди ва унда Брюсселни Кишинёв билан 2023 йил охиригача ЕИга қўшилиш бўйича музокараларни бошлашга чақирди. Бунинг шарти сифатида Молдова Европа Комиссияси томонидан белгиланган тўққиз қадамни бажариши керак. Европарламент депутатларига кўра, Молдованинг Европа Иттифоқига аъзолиги бирлашган ва кучли Европага геостратегик сармоя бўлади.

Шу билан бирга, парламент Молдова ҳукуматини демократия ва қонун устуворлиги соҳасидаги ислоҳотларни давом эттиришга, Европа Иттифоқи ва кенг қамровли эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битимни тўлиқ амалга оширишга эришишга ҳамда халқаро уюшган жиноятчиликка қарши курашишга чақирди.

Резолюцияда депутатлар ЕИни молдовалик қочқин олигархлар Илан Шор ва Владимир Плахотнюкка, уларнинг компаниялари ва сиёсий ташкилотларига қарши зудлик билан санкциялар қўллашга ҳамда улар судда жавоб бериши учун Молдовага экстрадиция қилишга чақиради.

Парламент, шунингдек, Европа Иттифоқидан Молдовадаги хавфсизлик, барқарорлик, конституциявий ва демократик асосларга путур етказувчи коррупция хатти-ҳаракатлари учун санкциялар кўламини кенгайтиришни сўради.

Мамлакат Россия томонидан босим остида ва европапараст ҳукуматни беқарорлаштиришга уринишлар, шунингдек, Украинадаги уруш туфайли иқтисодий ўзгаришлар юз бермоқда, дея қайд этади Европарламент. У Молдова президенти Майя Санду раҳбарияти ва мамлакат расмийларини ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги ишларини олқишлади.

Мавзуга оид