DW хабарига кўра, Молдова Мудофаа вазирлиги дрон маҳаллий вақт билан соат 16:22 да мамлакат ҳаво ҳудудига ноқонуний кирганини билдирган. Соат 17:06 да эса аппарат қулаб, портлагани ҳақида хабар берилган. Полиция унинг парчаси суратини эълон қилган.
Бундан олдин, 16 октябрга ўтар кечаси яна тўртта дроннинг мамлакат ҳаво ҳудудидан ўтгани қайд этилган.
Молдова ТИВ бундай ҳодисалар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидлаган. Вазирлик Россияни Украинага ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга, халқаро ҳуқуқ меъёрлари, жумладан, Молдованинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирган.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги дроннинг қулаши билан 10 октябрдан буён ҳаво ҳудуди бузилиши ҳолатлари саккизтага етган. Улар орасида 10 октябрь куни Геамана аҳоли пунктига портловчи модда ортилган дрон тушиши ҳам бор.
Ҳарбий идора 2026 йил бошидан мамлакат ҳаво ҳудуди бузилган 64 та ҳолат қайд этилганини билдирган. Шулардан 16 таси октябр ойига тўғри келади. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланган 2022 йилдан буён эса бундай ҳодисалар сони 101 тага етган.
Аввалроқ, 3 октябр куни Молдова ҳудудига учта ракета ва иккита дрон тушгани хабар қилинган эди. Ўша ҳодисаларда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бўлмаган.
















