Қандли диабет — оғир кечадиган сурункали касаллик бўлиб, уни ҳақли равишда XXI аср эпидемияси деб аташади. Йилдан йилга қандли диабет билан касалланганлар сони ортиб бормоқда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса диабет айниқса яшаш даражаси паст ва ўртача бўлган давлатларда шиддат билан кўпаяётганини қайд этмоқда.

Лекин аҳоли жон бошига даромад юқори бўлган давлатларда ҳам статистика етарли даражада ташвишли. Масалан, жаҳонда 20 ёшдан 79 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида 537 миллион киши қандли диабетга чалинган — бу балоғат ёшидаги ҳар ўн инсондан бири дегани. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 643 миллионгача, 2045 йилда 783 миллионгача кўпаяди. Диабет инсон ҳаёти сифатига жиддий таъсир ўтказади, кўз ожизлашиши, буйрак етишмовчилиги, инфаркт ва инсультларга сабаб бўлиши мумкин.

Republik нашри журналисти Ирода Садраева эндокринолог Анна Беляева билан биргаликда нега бу касаллик кўпаяётгани, профилактика қилиш 2-типдаги диабетдан қутулиб қолишга қандай ёрдам бериши ҳақида суҳбатлашди.

Қандли диабет инсулиннинг нотўғри ишлаши билан боғлиқ метаболик бузилишларнинг бутун бир комплексини қамраб олади. Касаллик ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқаришда бузилиши ёки организм ишлаб чиқарилган инсулиндан самарали фойдалана олмаслиги туфайли пайдо бўлади. Иккинчи ҳолат инсулинрезистентлик деб аталади.

Қандли диабет қандай пайдо бўлади?

Глюкоза — инсон организмидаги асосий энергия манбаи, у озиқ моддалар билан танамизга киради. Глюкозани инсоннинг бош мияси ва бошқа органлари «истеъмол» қилади. Инсулин эса ошқозон ости безидаги β («бета») ҳужайралар оролчаси томонидан ишлаб чиқариладиган гормон. Унинг асосий вазифаларидан бири глюкоза миқдорини захира ва назорат қилади. Айнан инсулин глюкозани ҳужайраларга ташиб, унинг қондаги миқдорини камайтириб туради. Агар инсулиннинг ишлаш тизими бузилса, қонда қанд миқдори кескин ошиб кетади: