Россия президенти Украина билан музокарага тайёрлиги, лекин бунда фронтдаги реал вазиятга асосланиш кераклигини айтди. Киев эса амалдаги фронт чизиғида жангларни тўхтатишни таклиф қилмоқда. Икки позиция ўхшашдек туюлса-да, аслида Москва ҳали эгаллаб ололмаган, лекин ўз ҳудуди деб ҳисоблаётган ерларнинг берилишини талаб қилмоқда. Бу эса “тинчликка тайёрлик” ҳақидаги янги гаплар ҳам риторик эканини кўрсатади.

ВИДЕО

Мавзу юзасидан “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар сўз юритди.

Абдували Сойибназаров: Очиқ тан олиш керакки, қарийб тўрт ярим йилдан бери Владимир Путин ҳам, Украина президенти Володимир Зеленский ҳам музокараларга тайёр эканини айтиб келмоқда. Бироқ ҳар икки томоннинг музокараларга қўядиган шартлари ва масалага ёндашуви кескин фарқ қилади.

Владимир Путин музокаралар аввало фронтдаги реал вазиятни ҳисобга олиши кераклигини таъкидламоқда. Унинг позициясига кўра, Россия фронтда аста-секин олдинга силжиётган экан, келишув шартлари ҳам айнан жанг майдонидаги вазиятдан келиб чиқиши керак. Россия Донбасс, шунингдек, Запороже ва Херсон вилоятларини тўлиқлигича ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Москва ушбу ҳудудларнинг Россияга қўшилганини халқаро ҳамжамият ва Украина тан олишини талаб қилиб келмоқда. Луҳанск вилоятининг деярли тўлиқ Россия назоратига ўтгани ҳам Кремлнинг музокара позициясида муҳим омил сифатида кўрилмоқда.

Шу сабабли Путиннинг “музокараларга тайёрмиз” деган баёнотини ён беришга тайёрлик сифатида қабул қилиш қийин. Аксинча, Кремлнинг асосий позицияси ўзгармаган: “музокаралар Россиянинг фронтдаги ютуқлари ва ҳудудий талабларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилиши керак”. Демак, Путин музокараларга тайёрлигини билдираётган бўлса-да, бу Россия аввалги талабларидан воз кечганини англатмайди.

Шуҳрат Расул: Владимир Путин Россия музокараларга тайёрлигини айтмоқда, лекин унинг таъкидлашича, Украина томонидан илгари сурилаётган “экзотик таклифлар” Москва учун мақбул эмас. Бу ерда асосий савол томонларнинг “реал вазият” ҳақидаги талқини нимаси билан фарқ қилишида. Украина бир йилдан ортиқ вақт давомида урушни фронтдаги амалдаги тўқнашув чизиғида тўхтатиш ёки музлатиш таклифини илгари суриб келмоқда. Путин эса келишув фронтдаги вазият, яъни “ердаги реаллик”дан келиб чиқиши кераклигини айтмоқда.

Аслида, Зеленский таклиф қилаётган фронт чизиғини сақлаб қолиш ҳам ердаги реал вазиятнинг ўзи. Бироқ Кремл “реал вазият” деганда бошқа нарсани назарда тутмоқда. Путин талқинига кўра, Россия даъво қилаётган, аммо ҳозир Украина назоратида бўлган ҳудудлар ҳам музокаралар доирасида Россияга берилиши керак. Масалан, Краматорск, Словянск ва Константиновка йўналишларида жанглар давом этмоқда. Донбасснинг Россия назоратига ўтмаган қисми ҳали ҳам Украина қўлида. Демак, Путин учун “реал вазият” шунчаки амалдаги фронт чизиғини музлатиш эмас, балки Россиянинг ҳудудий даъволарини ҳам келишувга киритишни англатади.