2025 йилда дунёдаги миллиардерлар сони 8,2 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 3795 кишини ташкил этди. Россияда бу кўрсаткич 18 фоизга ўсиб, 151 кишига етган. Бу ҳақда Алтрата компаниясининг Billionaire Census тадқиқотида (.pdf) хабар берилди.
Умуман олганда, Россия миллиардерлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринни катта фарқ билан АҚШ банд этган бўлиб, у ерда дунё миллиардерларининг деярли учдан бир қисми – 1265 киши истиқомат қилади. 2024 йилда уларнинг сони 11,5 фоизга кўпайган. Иккинчи ўринда 363 нафар миллиардер билан Хитой (+13,1 фоиз), учинчи ўринда эса 221 нафар вакил билан Германия (+20,1 фоиз) қайд этилган. Шунингдек, Германия 15 та давлат орасида энг юқори ўсишни намоён этди. Бешинчи ўринни 132 нафар миллиардер билан Ҳиндистон эгаллаган (+3,9 фоиз).
Миллиардерларнинг умумий бойлиги 12,8 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 15,1 триллион долларга етди. Сайёрамизнинг энг бадавлат 29 нафар кишиси ҳиссасига миллиардерлар умумий бойлигининг 27 фоизи тўғри келади, ҳолбуки бу кўрсаткич 2017 йилда 7 фоизни ташкил этган эди. Таҳлилчилар бу йилги ўсишнинг асосий омилларидан бири сифатида сунъий интеллектга киритилаётган сармоялар ҳажмининг кескин ортганини қайд этди.








