Ўзбекистон | 11:24 / 29.04.2023
6986
3 дақиқада ўқилади

Талабаларни ётоқхонага жойлаштириш онлайн шаклда амалга оширилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023-2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари талабаларини ётоқхонага жойлаштириш онлайн шаклда амалга оширилади.

Талабаларни ётоқхонага онлайн жойлашиш имкониятларини берувчи Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган бепул электрон хизматни жорий этишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади ва 2023–2024 ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этилади.

Бунда:

  • Билим ва малакани баҳолаш агентлиги томонидан 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар учун Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топшириш жараёнида талабалар турар жойига бўлган эҳтиёжини белгилаш имконияти яратилади;
  • 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб талабалар ётоқхонага жойлашиш учун фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қиладилар;
  • Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон ариза бериш ва тўловларни амалга оширишда давлат хизматини кўрсатиш комиссия маблағлари ундирилмайди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қуйидагиларни таъминлайди:

  • жорий йилнинг 1 августига қадар вазирлик ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази томонидан Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан талабаларни ётоқхонага онлайн жойлаштириш имкониятини берувчи ахборот тизими ишлаб чиқиш;
  • Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Электрон ҳукумат” идоралараро интеграциялашган платформаси орқали жорий йилнинг 10 августига қадар Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин қизлар қўмитаси билан келишган ҳолда тегишли электрон маълумотлар базаларини интеграция қилиш;
  • олий таълим муассасалари тасарруфидаги интернет ижтимоий тармоқларида тегишли каналларни очиш ва унга шартнома асосида ижарага қўювчи хонадон соҳибларининг эълонларини жойлаштириб бориш ишларини такомиллаштириш;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 15 августгача бўлган муддатда:

  • олий таълим муассасалари ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини таъминлайди;
  • ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этади.

Мавзуга оид