Ҳукуматнинг “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан оммавий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашни самарали ташкил этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларга бир қатор ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилмоқда.

Жумладан, оммавий тадбир тоифаларини: 

  • алоҳида (“Янги йил”, “Наврўз”, “Мустақиллик”, “Хотира ва қадрлаш”, “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш”, “Рамазон Ҳайит”, “Қурбон Ҳайит”, “Рождество”, “Пасха” байрамларини нишонлашга доир тадбирлар, “Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш”, “Умумтаълим мактабларида ўқув йилининг бошланиши ва тугашига бағишланган”, “Сайлов”, “Референдум” ва “Халқаро ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган”, футбол бўйича халқаро миқёсидаги учрашувлар); 
  • биринчи (Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган алоҳида тоифадаги оммавий тадбир тоифаларига кирмайдиган оммавий тадбирлар);
  • иккинчи (алоҳида ва биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар тоифаларига кирмайдиган оммавий тадбирлар) тоифаларга ажратиш; 
  • алоҳида ва иккинчи тоифалардаги тадбирларни ўтказишда Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, биринчи тоифадаги тадбирларни ўтказишда Миллий гвардия ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан манфаатдор давлат органлари ва идоралар билан ҳамкорликда ташкиллаштиришни амалга оширилиши белгиланмоқда.

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари комплекс тусга эгалигини, бир неча вазирлик ва идораларга тааллуқлилигини (оммавий тадбир ўтказиш объектларининг муҳандислик-техник мустаҳкамлиги, уларда коммуникация, видеокузатув, эвакуация, ёнғинга қарши ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимларининг хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш) инобатга олиб, лойиҳада фаолияти тугатилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссиялар фаолияти тегишли ваколатли ички ишлар органи ҳузурида тикланмоқда.

Халқаро, умумдавлат аҳамиятига эга, нуфузли ёки кўплаб иштирокчилари бўлиши кутилаётган оммавий тадбирларни (масалан, футбол бўйича айрим учрашувлар) ўтказишда комиссия ишчи гуруҳининг фаолияти барча ҳолларда, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ёки фуқароларнинг хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келишидан қатъи назар, мажбурий тартибда ташкил этилиши, ишчи гуруҳ фаолияти оммавий тадбирнинг тоифасига боғлиқлигини инобатга олиб, унинг таркиби тадбир тоифасидан келиб чиқиб (биринчи тоифадаги тадбирлар ишчи гуруҳига Миллий гвардия вакили) ташкил этилмоқда.