Синоптиклар: июн ойи меъёрдан 2-3 даражага иссиқроқ бўлади.
Синоптиклар июн ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди.
Жорий йилнинг июн ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар қилмоқда.
Ойнинг энг бошида ҳаво ҳарорати +34...+37 даража атрофида бўлади. Иккинчи беш кунликда иссиқ +37...+40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +40...+43 даражагача кўтарилади ва бундай ҳарорат иккинчи ўн кунликнинг бошигача сақланиб туради.
Биринчи ўн кунлик давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий момақалдироқли ёмғирлар ёғиши мумкин.
Июнь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида иссиқ қисқа муддатга бироз кучсизланиш даврлари билан ҳарорат асосан +36...+39 даража, республиканинг шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида +42 даража атрофида бўлади. Июнь ойи меъёрдан 2-3 даражага иссиқроқ бўлади.
Айрим кунларда баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, умуман олганда, июнь ойидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
Июль ва август ойларида 60-70 фоиз эҳтимоллик билан ҳарорат фони меъёрдан бироз юқори ва унинг атрофида бўлиши кутилмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, бироқ ҳарорат +40...+42 даражагача, республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида +43...+45 даражагача кўтарилиб, жуда иссиқ об-ҳавонинг айрим даврлари ҳам истисно қилинмайди.