Россия Қаҳрамонларининг даҳанаки жанги

Аввалига Пригожин «Ахмат» баталйони нима иш билан шуғулланаётганини тушунмаётганини айтди. Қодировнинг яқин кишилари Адам Делимханов ва Магомед Даудов эса унга жавоб қайтаришди. Делимханов Пригожин ўқ-дори етишмовчилигидан нолиши асоссиз экани, у ҳаммадан кўп ёрдам олганини айтиб, Путин ва Қодировни алқади. Даудов эса Пригожинни Женя деб атаб, уни эркакчасига гаплашиб олишга чақирди. Шундан кейин можаро авж олди.

«Евгений Викторовични блогер деб атаб улар бизни ҳақорат қилишди. «Ахмат»дагиларнинг видеолари Tik-tok ва Youtube'да айланиб юрган вақтда биз ўз вазифамизни бажараётгандик. Аввал ким блогер, ким эса адолат таъминланишига интилаётгани ҳақида саволга жавоб топиш керак», деб ёзди «Вагнер»га алоқадор «Тень» Telegram-канали гўёки Россия Қаҳрамони унвонига эга командирнинг сўзларини келтираётганини иддао қилиб.

Бу каналда «Зомби» лақабли, ўзининг айтишича, Россия Қаҳрамони унвонига эга яна бир «вагнерчи»нинг сўзлари келтирилган: «Улар эътиқодни ўлдиришмоқда. Биз тўғри йўлда эканимиз ва ватанимизни ҳимоя қилаётганимизга ишонч бағишлайдиган эътиқодни. «Вагнер» «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади – тарж.) вақтида бирорта аҳоли яшаш пунктини душманга бериб қўймади. Ва сиз бизни нимададир айбламоқчимисиз? Бошлиғимизга қилинган ҳақоратни ҳар биримиз ўзимизга қилинган деб қабул қиламиз», дейилади баёнотида.

Пригожинга қарши «Лорд»

Уруш давомида россияликлар орасида жуда кўп ўзаро можаролар авж олди. Аммо бу ҳақда ҳеч бир расмий ОАВда ахборот берилмади. Россия мудофаа вазирлиги ҳам «Вагнер» раҳбари томонидан жуда кўп нарсада айбланганига қарамай, бунга бирор марта муносабат билдирмади.

Аммо 1 июн куни Евгений Пригожиннинг чиқишларига Чеченистон парламенти раиси, Рамзан Қодировнинг энг яқин одамларидан бири бўлмиш «Лорд» рақабли Магомед Даудов жавоб қайтарди. У ўз каналида берган жавобида «Ахмат» баталйони Россия мудофаа вазирлиги ва Росгвардиянинг махсус бўлинмаси деб эълон қилинганини таъкидлади. Даудов Пригожинга жавобида давлат вакили сифатида гапираётганига урғу берган.

«Демак, гап бундай, Женя. Бизга қўйилган вазифалар ҳақида сен билишинг шарт эмас. Бу ҳақда олий бош қўмондон, Чеченистон раҳбари, Россия Қаҳрамони Рамзан Ахматович Қодиров билади. Сен доим кимнидир отиш кераклиги ҳақида гапирасан. Улуғ ватан уруши вақтида бундай чиқишлар учун ўзингни отиб ташлашарди, Женя. Ҳар кунлик бундай чиқишларинг билан нимага эришаётганинги ҳам тушунмайман. Сенга Россия Қаҳрамони унвони беришаётганда одамлар орасида бундай ваҳимали кайфият уйғотасан деб ўйламагандим», деди Даудов.