Жаҳон | 09:48 / 10.06.2023
9181
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ўз санкцияларини четлаб ўтганлик учун жазони кучайтиради

Европа Иттифоқи адлия вазирлари санкцияларни четлаб ўтиш учун энг кам жазоларни белгилади. Масалан, Европа Иттифоқи мамлакатларида Россияга ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш камида беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Кенгаши адлия вазирлари даражасида Европа Иттифоқи санкцияларини бузганлик учун жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида жазо чораларини жорий қилувчи Европа қонунини тайёрлаш бўйича музокаралар ўтказишни маъқуллади. “Ушбу янги қонун Европа Иттифоқи бўйлаб санкция чораларини бузиш ҳолатларини текшириш, жиноий жавобгарликка тортиш ва жазолашни осонлаштиради”, деди 9 июн, жума куни Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Швеция адлия вазири Гуннар Стрёммер.

Хусусан, санкцияларни четлаб ўтганлик учун жазонинг энг кам муддатлари белгиланади. Масалан, Европа Иттифоқи мамлакатларида Россияга ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш камида беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шу пайтгача Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан бундай қонунбузарликлар учун жавобгарликка тортиш талаб қилинмаган.

Қонун лойиҳасида санкцияларни четлаб ўтишга қаратилган қайси ҳаракатлар жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида квалификация қилиниши ҳам белгилаб қўйилган. Улар орасида Европа Иттифоқининг чеклов чораларига дучор бўлган шахсларга Европа Иттифоқининг саёҳат қилиш тақиқини четлаб ўтишга ёрдам бериш, шунингдек, санкция остидаги товарлар савдоси ва Европа Иттифоқининг чеклов чораларига дучор бўлган давлатлар ёки ташкилотлар билан битимлар бор. Европа Иттифоқида ҳозирда Россияга қарши Европа санкцияларини бузиш бўйича 230 жиноий тергов олиб борилмоқда, деди Европа комиссари Диде Рейндерс Европа Иттифоқининг Адлия кенгаши йиғилиши якунлари бўйича матбуот анжуманида.

Адлия вазирлари томонидан қабул қилинган қарорда айтилишича, ЕИ давлатлари жазони белгилашда оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниши учун миллий қонунчилигини янгилаши керак. “Масалан, жиноятни жиноий ташкилот доирасида ёки давлат амалдори томонидан содир этилганлиги оғирлаштирувчи ҳолат бўлиши мумкин”, деб тушунтиради Европа Иттифоқи Кенгаши. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид