Европа Иттифоқининг Россияга қарши савдо санкциялари ҳуқуқий ноаниқликлар ва ЕИга аъзо давлатлар томонидан уларнинг турлича қўлланилиши сабабли мавжуд имконият даражасида самара бермаяпти.

Европа ҳисоб палатаси (ECA) 10 ноябр, сешанба куни эълон қилган махсус ҳисоботида шундай хулосага келди.

Аудиторлар баҳосига кўра, санкциялар ва уларни айланиб ўтишга қарши чоралар ЕИ ва Россия ўртасидаги савдо ҳажмини сезиларли даражада камайтирган.

Шунингдек, Россия мудофаа саноатида қўлланилиши мумкин бўлган товарларни тўғридан-тўғри етказиб бериш имкониятлари ҳам чекланган.

Бироқ савдо алоқаларининг бир қисми сақланиб қолмоқда, санкцияларни айланиб ўтишга уринишлар эса ҳамон жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Санкцияларни айланиб ўтиш хавфи

Ҳисоботда таъкидланишича, Евроиттифоқнинг санкциялар ва божхона соҳасидаги қонунчилигида ноаниқ ҳамда турлича талқин қилиниши мумкин бўлган қоидалар мавжуд.

ЕИга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари мазкур қоидаларни ҳар хил талқин қилмоқда.

Бу эса компаниялар учун назорат нисбатан суст бўлган мамлакатлар орқали савдо операцияларини амалга ошириш имкониятини яратади.

Бундай амалиёт ҳуқуқий соҳада forum shopping, яъни ўзи учун энг қулай қонунчилик ва назорат тизимига эга юрисдикцияни танлаш деб аталади.

Масалан, айрим компаниялар санкция талаблари қатъий назорат қилинмайдиган ЕИ мамлакатлари орқали товарлар ҳаракатини ташкил этиши мумкин.

«Ноаниқ қоидалар ва қонунчиликни амалда қўллашдаги камчиликлар санкциялар самарадорлигини пасайтиради ҳамда уларни айланиб ўтишни осонлаштиради», — деди ҳисоботни тайёрлашга масъул бўлган Европа ҳисоб палатаси аъзоси Михаилс Козловс.

Унинг таъкидлашича, чеклов чоралари фақат Евроиттифоқнинг барча мамлакатларида бир хил ва ўзаро мувофиқлаштирилган тарзда қўлланилган тақдирдагина ўз мақсадларига тўлиқ эриша олади.

Аудиторлар қандай тавсиялар берди?