Мукофот ҳакамлар ҳайъати қарорини 5 октябр куни Европарламентда Анна Политковская хотирасига бағишланган тадбирда БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова эълон қилди. Бу ҳақда DW хабар берди.

Кацарова Россия ҳукуматини қамоқдаги барча украиналик ва россиялик журналист аёлларни, шунингдек, тинч аҳоли вакилларини зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод этишга чақирди.

RAW in WAR ушбу қарор орқали Россия қамоқхоналарида ва босиб олинган ҳудудларда сақланаётган журналист аёлларнинг жасоратига ҳурмат бажо келтираётганини билдирди. Ташкилотга кўра, улар урушни ёритиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳарбий жиноятлар ҳақида хабар бериш учун эркинлиги, ҳатто ҳаётини хавф остига қўйган.

Баёнотда Анна Политковская ўлдирилганига 20 йил тўлаётгани ҳам эслатилган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, журналист Россиянинг Чеченистондаги «аксилтеррор операцияси»ни очиқ танқид қилгани, тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз муносабат ва жиноятларни қоралагани учун ўлдирилган. Ташкилот қайд этишича, орадан йигирма йил ўтса ҳам, қотиллик буюртмачилари суд олдида жавоб бермаган.

Мукофотга номзодларни кўрсатиш қўмитаси аъзоси, Нобел мукофоти совриндори Светлана Алексиевич қамоқдаги журналистларнинг исмларини унутмасликка чақирди.

«Улар энди қалам билан ёза олмаганида, ўз ҳаёти билан репортаж ёзмоқда», — деди у.

Ташкилот баёнотида украиналик журналист Виктория Рошчинанинг тақдирига алоҳида тўхталиб ўтилган. У Мариупол қамали ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида тинч аҳолига қарши содир этилган жиноятларни ёритган. Рошчина 2023 йил августда қўлга олинган ва 2024 йил сентябрда вафот этган. RAW in WAR унинг ўлимига қийноқлар ва шафқатсиз муносабат сабаб бўлганини билдирган.

Лауреатлар орасида Мелитополдан бўлган украиналик журналист Ирина Левченко ҳам бор. Ташкилот маълумотига кўра, у 2023 йилда турмуш ўртоғи билан бирга ўғирлаб кетилган ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қийноққа солинган. 2026 йил сентябрда эса Россияда «жосуслик» айблови билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Баёнотда украиналик журналистлар Анастасия Глуховская, Ирина Данилович ҳамда мелитополлик блогер Яна Суворованинг исмлари ҳам келтирилган.