Diplomatic Watch журнали бош муҳаррири Виктор Готевбе Ўзбекистон ҳақида ўнлаб мақолалар ёзган. Уларда республика сиёсати, дунёдаги овози ва ташаббуслари ҳақида ҳам сўз боради. Журналист июнь ойида “Олтин қалам” миллий мукофоти 2-ўрин ғолиби деб топилган эди. Мукофот 10 ноябрь куни элчихонада топширилди.
“Очиғини айтсам, мен жуда ҳайратда қолдим. Бундай бўлишини умуман кутмагандим. Мукофот учун айнан мен танланишимни олдиндан билмаганман. Ўзбекистон элчихонаси доим бизни қўллаган ва мукофот учун ҳужжат топширишга ҳам улар таклиф қилди”, деди Готевбе.
Таҳлилчи Жеймс Дурсо АҚШ сиёсати, хусусан Марказий Осиё билан алоқалар, Эрон уруши, Афғонистондаги вазият ҳақида мақолалар ёзади. Унинг Ўзбекистон билан боғлиқ таҳлилий материаллари ҳам кўп. 2024 йилда “Олтин қалам”ни олган Дурсо бу йил Ўзбекистон журналистлар уюшмасига аъзо бўлди.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов тадбир давомида давлат мукофоти билан июнь ойида тақдирланган Kun.uz’нинг АҚШдаги махсус мухбири Шоҳрух Мажидовга “Келажак бунёдкори” медалини топширди.
Шунингдек, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф Отабек Эшмаматов ва Шоҳрух Мажидовга ҳам уюшмага аъзолик гувоҳномаларини тақдим қилди.













