Бу ёзги трансферлар ойнаси анча фаол кечмоқда ва ҳали июлнинг ярмига етмасдан одатда сўнгги кунларгача чўзиладиган келишувлар амалга ошиб улгурди.

Табиийки, масалан, Макалистернинг «Ливерпул»га ўтиши каби узукка кўз қўйгандек трансферлар етарли, аммо бу сафар кўпроқ савол уйғотадиган ўтишларга тўхталиб ўтамиз. Катта пуллар сарфланган бир қатор катта трансферлар борки, бир қараганда, маълум бир муаммога ечимдан кўра, мураббийлар қаршисида янги масалаларни пайдо қилади. Бу шубҳалар бу ўтишларнинг рискини ошириш билан бирга мураббийлардан алоҳида бир режалар, янги схемалар ва қўшимча меҳнат талаб қилади. Қуйида ўхшаб қолса, шубҳасиз, жамоани бир поғона юқорига кучайтирадиган, аммо аксинча эҳтимоли ҳам мавжуд бўлган трансферлар ҳақида.

Жуд Беллинҳем – РЕАЛ МАДРИД. 100 миллион евро

Карим Бенземанинг кетиши мадридликларнинг ҳужум чизиғига янги футболчи сотиб олишни тақозо қилади. Табиийки, Хоселу бу ўринга, яъни «Реал»нинг асосий ҳужумчиси бўлишга муносиб эмасдек. Килиан Мбаппенинг келиши эҳтимоли эса Бензема қолдирган бўшлиқни тўлиқ ёпиши қийин. Албатта, «Реал»дан ёз охиригача ҳужум чизиғига яна бир катта футболчини кутишимиз мантиқан тўғри, аммо у ҳолда, агар Винисиуснинг ҳам алмаштириб бўлмас футболчи эканини инобатга олсак, ҳимоя+ҳужумдаги қолган 4 позицияга номзодлар ҳаддан ташқари кўп эмасми? Валверде, Кроос, Модрич, Чуамени, Камавинга ва Беллинҳэм. Асосий таркибга интилаётган ва кўпинча ишончни оқлайдиган Родригони ҳам унутмаслик керак. Яна бир янги харид бўлмиш Арда Гулер ижарага кетмайдиган бўлди, у қанча дақиқаларга эга бўлади?

Албатта, Модрич ёки Кроос қирқдан ортиқ учрашувда қатнашиши даргумон, аммо қачонгача катта пулга олиб келинган Тчуамени ёки Камавингадан захира вариант ёки қанот ҳимоясини ёпишда фойдаланилади? Кўп футболчиларга етарли дақиқаларни топиб бериш имкони бор, аммо қиммат нархга келган юқори амбицияли футболчилар ўзининг барибир иккинчи даражали ўйинларда тушаётганини ҳис қилиши оқибати нима бўлади? Бир футболчининг келиши бошқа футболчининг ўсишида салбий таъсир қилиши, балким, якунда, етарли имконият берилмай сотилиши Беллинҳэм трансферини қанчалик фойдали қилади? Саволлар кўп.

Фото: «Реал» расмий сайти

Карло Анчелотти шогирдларининг кучли томонларидан келиб чиқиб, мос схема ва тактика топишига ўрганиб қолганмиз. Катта эҳтимол билан «Реал» ҳар доимгидек аввал бутун дунё кўз ўнгида турган истеъдодли футболчи учун курашни ғалаба билан якунлаб, ана шундан кейин ундан фойдаланиш йўлларини ахтаришни бошлайди. Аммо биринчидан, яримҳимояга максимал футболчиларни жойлаштириб, ҳужумда Родриго-Винисиусдан фойдаланиш варианти бироз таваккалчилик, зеро Винисиус айнан Бенземанинг ақлли ҳаракатлари, ўз вақтида ортга қайтиб, унга зоналар очиши ёрдамида бу қадар фойдали бўлганди. Иккинчидан, яна ротация варианти сифатида қолиш, Тчуамени ва айниқса, учинчи йилки, асосий позициясига эга бўлмаётган Камавинга билан муаммолар пайдо қилиши мумкин. Қочиб бўлмас муаммолар пайдо қилиши мумкин бўлган Беллинҳэм трансфери учун бунча кўп сарфлангани бироз тушунарсиздек.