Украинада урушнинг 506-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Беларус мудофаа вазирлиги мамлакатга «Вагнер» ХҲК жангчилари етиб келганини маълум қилди. Улар ҳарбий инструктор вазифасини бажаради.
- ЖАР ҳукумати BRICS саммитида Россия номидан Путин ўрнига Лавров қатнашишини сўраган. Москва рад этган.
- Брянс областидаги Белая Березка посёлкаси ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланди.
- Давлат думаси оддий аскарлар ва сержантлар захирада бўлишининг максимал ёшини 50 дан 55 га кўтарувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.
- The Washington Post нашри ёзишича, Зеленскийнинг НАТО «заифлиги» тўғрисидаги твитидан кейин АҚШ ҳукумати Украинани алянсга таклиф этиш масаласини муҳокама қилган.
- Воронежга учаётган уч дрон уриб туширилган. Курск областининг Курчатов шаҳрида дрон қулаши оқибатида бир уй шикастланган.
- Россия қўшинлари Украинага дронлар билан ҳужум уюштирди. Кривой Рогда бир неча бино шикастланган, бир киши жароҳат олган.
Украина ҳарбийлари «Партизан» тизимини қўлламоқда
Икки рақиб — Украина қуролли кучлари ҳам, РФ қуролли кучлари ҳам — урушнинг 500 кунидан кейин техника тақчиллигини ҳис қилмоқда. Бунга биринчи йилдаги йўқотишлар ҳам, армия сони ўсгани ҳам таъсир қилмоқда: эндиликда кўпроқ аскарларни қуроллантириш талаб этилмоқда. Икки томон ҳам шушпанцерлардан (турли техникаларнинг гибридлари ва қўлбола қуроллар) ҳам, самараси шубҳали бўлган совет даврига мансуб ишланмалардан ҳам фойдаланишга мажбур бўлмоқда.



























