"Украина келажаги НАТОда" – худди шундай баёнот билан ҳарбий алянснинг навбатдаги саммити якунланди.

11-12 июл кунлари Литва пойтахти Вилнюс шаҳрида бўлиб ўтган НАТОга аъзо давлатларнинг раҳбарлари учрашуви "Геосиёсат"нинг бугунги таҳлил мавзусидир. Ҳарбий алянс вакилларининг учрашуви ва саммит давомидаги баёнотларини муҳокама қилиш учун студиямизга сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Сайфиддин Жўраевларни таклиф қилдик.

Суҳбатимизни НАТОнинг энг асосий баёноти ҳақидаги савол билан бошламоқчиман.

Нега Украинани ҳарбий алянсга қабул қилиш борасида аниқ бир гап айтилмади? Яъни Столтенберг “Украинани НАТОга қабул қилиш жараёни соддалаштирилади” деди, бироқ нима учун аниқ вақти ва концепцияси мавжуд эмас?

Сайфиддин Жўраев: Фикрингизга унчалик қўшилмайман. Россия билан уруш тугаганидан сўнг қабул қилишга урғу беришди. Бундан ташқари, аъзолар ўртасида бир фикрга келиш бўлмаган, хусусан, АҚШнинг ўзи Украинани қабул қилиб бўлмайди, деди. Германия ҳам шу фикрни билдирди. Вақт ва шароит нуқтаи назаридан ноаниқлик кўриниши мумкин.

Балки НАТОнинг ўзи урушнинг чўзилишидан манфаатдордир. Ҳарбий саноатга ҳам фойда бу. Шу нуқтаи назардан кимлар учундир фойда, кимлар учундир фожиа бу уруш.

Лекин Украина ташлаб қўйилмайди. НАТО баёнотида ҳам айтилди. Украинанинг олдига демократик тамойилларни амалга ошириш талаби қўйилди. Қурол-яроғлар бўйича шартнома тузилиб, бир қисми Украинага кириб келишни ҳам бошлади.

Камолиддин Раббимов: 2008 йилда НАТОга аъзо бўлувчилар учун аъзолик ҳаракатлари дастури қабул қилинган. НАТО Украинага нисбатан мана шу дастурни бекор қилди, лекин аниқ муддат белгиланмади. Украина ҳозир блокка қўшилса, бошқа давлатлар ҳам урушга қўшилишига тўғри келади. Тўғридан тўғри Учинчи жаҳон урушига айланиб кетади.

Шунинг учун Коллектив Ғарб битта вазифа қўйяпти: Украина тезроқ Россияни енгиб, уруш тугаши керак. Бунинг учун бор ресурслар ташланади. Агар АҚШ қўллаётган Украина енгилса, АҚШнинг дунё геосиёсий майдонида обрўси тушади. Ғарбнинг мақсади — биргаликда Россияни енгиш, лекин НАТО орқали эмас. Шунинг учун ҳам АҚШ ва Германия Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши бўлди. Аммо ҳозир ҳарбий ёрдам кучайяпти.

АҚШ Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши бўлишига яна бир сабаб – кейинги йили АҚШда президентлик сайловлари, Республикачилар эса Украинанинг тез аъзо бўлишига қарши. Бундан ташқари, Россия ва Хитой муносабатлари, ҳали бу икки давлат иттифоқининг кучайиб кетишига тайёр эмас АҚШ. Мақсад — Украина НАТОга аъзо бўлгунига қадар вазиятни назоратда тутиш.