Тарихда бор-йўғи 74 йил ҳукм сурган советлар Евросиёнинг катта қисмида шунчалик кўп хунрезликларни, оммавий қатағонларни амалга оширишдики, уларни санаб адоғига етиш қийин.

Жумладан, 1917-1922 йиллар оралиғида ўтказилган «қизил террор», 1928-1932 йиллар оралиғида коллективлаштириш туфайли қилинган зўравонликлар, 1937 йилдан 1953 йил Сталин вафотигача ўтказилган қатағонлар давомида миллионлаб инсонлар қамалган, ўлдирилган ва сургун қилинган.

Умумий ҳисобда Сталин бошқаруви пайтида (1922-1953 йиллар оралиғи) СССРда 20 миллион одам қатағон қилингани айтилади. Советлар ўша қатағонларни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган усуллар билан амалга оширишган.

Ана шундай даҳшатли хунрезликлардан бири Россия императори Николай II ва унинг оиласи билан юз берган. Болшевиклар император, унинг хотини ва болаларини отиб ўлдириб, уларнинг жасадларини кислота билан куйдиришган.

Сўнг император тарафдорлари қабрни топа олмасин деб марҳумларнинг куйдирилган жасадларини чўқурга кўмиб, устини текислаб юборишган.

Барча маълумотлар сир сақланган, қолверса императорни қатл қилган одамларнинг ўзи ҳам Сталин даврида қатағонга учраб ўлиб кетган. Шу сабабли Николай II ва унинг оила аъзолари кўмиб юборилган жой орадан 73 йил ўтиб, 1991 йилда топилади.

Давлат тўнтариши ва Николай II нинг тахтдан воз кечиши

Россиянинг сўнгги императори Николай II 1894 йилда отаси Александр III вафотидан сўнг Россия тахтига ўтиради. Ўша пайтда у 26 ёшда бўлган. Орадан икки йил ўтгач 1896 йилда тож кийдириш маросими ўтказилади.

Николай II ва унинг рафиқаси ёшликларида.
Фото: alamy.com

Николай II даврида гарчи сал аввалроқ бобоси Александр II даврида Аляска америкаликларга сотиб юборилган бўлса-да Россия ҳудуди жуда бепоён эди. Ўша даврда Финландия ва Полша ҳам унинг таркибида эди.

Биринчи жаҳон урушигача ҳам Россияда турли муаммолар етарлича бўлган ва уларга қарши турли намойишлар, қўзғолонлар ўтказилган. Бироқ уруш даврида муаммолар янада кучаяди.

Оқибатда, Ленин бошчилигидаги коммунистлар халқ орасида тарғиботни кучайтиришади ва янада кўпроқ одамларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлишади.