Радиоактивлиги узоқ вақт сақланиб қоладиган юқори ва ўрта фаолликдаги чиқиндилар асосан ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўлади. Улар минглаб йил давомида хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли бундай чиқиндиларни жойлаштириш ва ташқи муҳитдан ажратиб сақлаш усуллари пухта текширилиши керак.

«Росатом» маълумотига кўра, лаборатория Нижне-Канск массивидаги тоғ жинслари орасида барпо этилмоқда. Унинг вазифаси — табиий геологик муҳит ва муҳандислик ҳимоя тўсиқлари радионуклидларни қанчалик ишончли ушлаб тура олишини тажрибалар орқали баҳолаш.

Лойиҳага илмий раҳбарликни Россия Фанлар академиясининг Атом энергетикасини хавфсиз ривожлантириш муаммолари институти — ИБРАЭ РАН амалга оширади. Лабораторияда олинадиган маълумотлар чиқиндиларни уларнинг бутун хавфлилик даври давомида изоляция қилиш имкониятини баҳолашга хизмат қилади.

Тадқиқот дастури 150 дан ортиқ илмий йўналишни қамраб олган. Олимлар тоғ жинслари массивининг хусусиятларини ўрганиб, ҳимоя материаллари ва конструкцияларининг самарадорлигини текширади. Жумладан, турли хил гиллар ва радиоактив чиқиндилар учун махсус контейнерларнинг изоляция хусусиятлари синовдан ўтказилади.

Шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш технологиялари ҳам амалда такомиллаштирилади. Тадқиқотчиларда узоқ муддатли хавфсизликка доир назарий моделлар мавжуд. Ерости лабораторияси улардаги ҳисоб-китобларни ҳақиқий геологик шароитда олинган маълумотлар билан таққослаш имконини беради.

Радиоактив чиқиндилар билан ишлаш миллий операторининг «Сибирский» филиали директори Андрей Дахно бу лойиҳани юқори фаолликдаги чиқиндиларни хавфсиз якуний изоляция қилиш ечимларини ишлаб чиқишдаги муҳим босқич деб атаган.

«Россиядаги лойиҳа ўта мустаҳкам гнейс тоғ жинсида амалга оширилмоқда. Бу бизга 500 метрдан ортиқ чуқурликда назарий билимларни амалда тасдиқлаш учун ноёб имконият беради. Фақат шундан кейин, назорат органининг розилигини олиб ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда, якуний изоляция инфратузилмасини янада ривожлантиришга киришиш мумкин», — деган Дахно.

Ҳозир қурилаётган объектнинг асосий вазифаси — чиқиндиларни келгусида изоляция қилиш бўйича қарорлар учун илмий маълумот тўплаш.

Лаборатория қурилиши 2018 йилдан буён давом этмоқда. Лойиҳа «2016–2020 йилларда ва 2035 йилгача бўлган даврда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш» федерал мақсадли дастури доирасида амалга ошириляпти.