Украинанинг 4 июн куни бошланган юриши (агар Бахмут атрофидаги қарши ҳужумлар бошланғич нуқта сифатида олинса, май ойи ўрталарида), қарийб икки ой ўтганидан кейин ниҳоят биринчи кульминация босқичига чиқди. Шубҳасиз, бу ягона амалиёт сифатида эмас, балки турли вақт ва турли жойларда берилган зарбалар серияси сифатида ишлаб чиқилганди. Ҳужум қилаётган қўшинлар биринчи навбатда ўз позицияларини Россия армиясининг мустаҳкамланган мудофаа линиясидан ажратиб турган 7-10 километрлик масофани босиб ўтиши талаб этиларди. Энди эса бу вазифани бажарилган деб ҳисоблаш мумкин.

Украина қўмондонлиги режасига кўра, бу анча аввалроқ рўй бериши керак эди. Аммо ҳужум қилаётган кучлар миналанган майдонларда, Россия артиллерияси ўқлари, танкка қарши комплекслар ва вертолётларнинг зарбалари туфайли катта йўқотишларга дучор бўлди. Июл ойи охирига келиб украин армияси РФ қуролли кучларининг асосий мудофаа линиясидаги қатор қишлоқ ва посёлкаларни штурм қилишга киришди. Американинг The New York Times нашри эса Украина қуролли кучлари «асосий зарбани беришни бошлаган бўлиши мумкинлиги» ҳақида ёзди. Нашр тахминига кўра, Запорижжя областидаги Орихив йўналиши асосий йўналиш сифатида танланган — бу ерда ғарб етказиб берган зирҳли техникалар билан жиҳозланган бригадалар ҳужумга ўтди.

CNN ҳам Украина сўнгги ойлардаги секин ҳаракатлардан кейин ҳужум суръатларини кучайтирганини ёзмоқда. Америкалик икки мулозим нашрга Украина мамлакат жануби-шарқига қўшимча кучлар ташлагани, бу эса Украина қуролли кучлари Россия мудофаа чизиқларидаги заиф нуқталар аниқланганидан далолат беришини айтган.

Bloomberg нашри эса Украина қарши ҳужумининг янги босқичи бошлангани ҳақида ёзган. Украина Запорижжя областининг Орихив шаҳридан юриш қилиб, жанубдаги Россия мудофаасини ёриб ўтиш учун катта захираларни жангга ташлаган ва Токмак орқали Мелитопол шаҳрига чиқиш мақсадида фаол ҳужум қилмоқда.

Запорижжя областида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашгани ҳақида Россия президенти Владимир Путин ҳам айтиб ўтди. У ўз одатига кўра Украинанинг барча уринишлари муваффақиятсиз чиқаётганини такрорлаган.

Амалда Украина қуролли кучлари амалиёти шакли аниқ эмас: улар географик жиҳатдан бир-бири билан боғлиқ бўлмаган ҳудудларда ҳужум қилишда давом этмоқда. Эгаллаш учун жанглар олиб борилаётган аҳоли яшаш манзиллари бир-биридан ўнлаб километрлар масофада жойлашган. Асосий зарба йўналишини ҳали ҳам фақат тахмин қилиш мумкин. Украина қўмондонлиги дастлабки муваффақиятсизликлар туфайли захираларни ҳаракатга келтиришга мажбур бўлган — ва бу қўшинлар ҳам, юришнинг бошланғич босқичидаги каби турли йўналишларга тенг тақсимланган.