Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги «Тўлқиртепа-1» археология ёдгорлигига катта миқдорда зарар етказилгани маълум бўлди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, туманнинг Мингтепа маҳалласида жойлашган «Тўлқиртепа-1» археология ёдгорлигининг 163 метр куб ҳажмдаги ер майдони махсус техника ёрдамида ковлаб олинган. Бунинг оқибатида тарихий объектга 4 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Шунингдек, туманнинг Қуйиқишлоқ маҳалласида жойлашган ўрта асрларга оид «Тешиктепа», Деҳқонобод маҳалласидаги «Қулқишлоқтепа-2» ва Огаҳий маҳалласидаги «Мозортепа» археология объектлари қисман бузилиши оқибатида жами 5 млрд сўм зарар етказилган.

Текширишлар натижасига кўра жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратуранинг эслатишича, мазкур жиноий ишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Олдинроқ Бухорода 5 та тарихий ёдгорликка қарийб 300 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланганди.