Ўзбекистон | 18:48 / 06.08.2023
29123
17 дақиқада ўқилади

UzAuto’нинг «совғаси» ва қимматлашаётган доллар. Ҳафта дайжести

Автосалонлардаги август талатўпи: UzAuto “Эски Ўзбекистон”га қайтяпти. Ўртача ойликлар статистикаси: ўқитувчи ва шифокорлар камбағаллашмоқда. Давлат бюджетида ўткир дефицит: муаммо сабабига кўз юмиляпти. Ортда қолган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Бошланиб бошланмаган автомобил сотуви

UzAuto Motors Lacetti, Cobalt ва Damas сотувини қайта тиклади. Монополистнинг бу сафарги куттириши рекорд даражада узоқ – нақ 8 ой давом этди. Бу муддат якунида компания нархларни кўпчилик кутганидан пастроқ даражада оширгани ва ҳатто ўзгартирмагани билан ҳайрон қолдирди десак бўлади. Расмий эълонга кўра, Chevrolet Lacetti, Cobalt ва Damas'нинг аввалдан мавжуд бўлган, яъни 2022 йил март–декабр ойларида амал қилган нархлар ўзгаришсиз қолди.

Асосий моделларнинг янги эълон қилинган комплектациялари номига “Style Plus” деган таъриф қўшилган. Масалан, 27 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган Damas'нинг янги комплектацияси расман “Damas D2 DLX Style Plus” деб аталади. Унинг нархи 92,2 млн сўм деб белгиланди. Бу ўтган йили сотилган комплектациядан 7 фоизга қимматроқ. Энг арзон модел айнан қанақа ўзгаришга учрагани ҳозирча аниқ эмас. Шунингдек, Labo'нинг “плюс” комплектацияси учун ҳам деярли шунга тенг нарх – 91,7 млн сўм нарх белгиланган.

Анчадан буён сотилмаётган Cobalt'нинг механик узатмали комплектацияси сотувга қайтди. Нархи – 113,7 млн сўм. Cobalt'нинг автомат узатмали янги комплектацияси учун базавий нархдан 7 фоизга қиммат – 134,3 млн сўм нарх белгиланди. Gentra'нинг механик варианти эса 10 фоизга қимматлашиб, 144 млн сўм, автомат варианти эса 3 фоизга кўтарилиб, салкам 161 млн сўмга етди. Таъкидлаш керак, иккиламчи бозорда деярли минилмаган Cobalt ва Gentra бу нархлардан бир неча минг доллар қиммат нархларда сотиляпти.

Ана шу катта фарқланиш фонида UzAuto Motors сотувларни ишлаб чиқариш графигига мослаштиришини эълон қилди. Бу дегани, муайян муддатда нечта автомобил ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, шунча миқдордаги автомобил учун шартномалар тузилади. Бу орқали навбатлар узоқ-узоқ муддатларга чўзилиб кетишининг олди олинади. Лекин бошқа томондан, чекланган миқдордаги шартномаларнинг бозорга чиқарилиши ажиотажга сабаб бўлади. Лимит тўлиб қолмасидан олдин улгуришга ҳаракат қиладиган харидорлар ва олибсотарлар табиий равишда ҳал гал контрактация очилганида қисқа вақт ичида яна ёпилишига сабаб бўлади.

Тахминларга кўра, ишлаб чиқариш графигини сабаб қилиб кўрсатган ҳолда сотувни чеклаб қўйиш – кутилганидан пастроқ нархлар эълон қилингани боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни компания пастроқ нархда кўп машина сотишни хоҳламаётгани учун ҳам лимит белгилаган, деган фараз бор. Агар кейинчалик нарх яна оширилиб, шундан кейин лимит белгилаш амалиёти унутиб юборилса, бу тахмин ўз тасдиғини топган бўлади.

Жума куни, автосалонлар очилганида, тиқилинч ва ур-тўполондан иборат кутилган картина юзага келди. Бозордаги нархлардан камида 2-3 минг доллар арзонига автомобил олишга умид қилган харидорларнинг катта қисми чучварани хом санагани маълум бўлди. UzAuto Motors биринчи баёнотида айтилган 50 мингта автомобил бу 2023 йил учун сотувга чиқариладиган машиналарнинг чекланган сони экан. Лимит саноқли соатларда тўлганидан кейин, компания 8 ой ўтиб очилган контрактацияни 24 соат ўтмасдан яна ёпди. Воқеалар “эски Ўзбекистон”даги август ойларида бўлганидан деярли фарқ қилгани йўқ. Электрон харид тизими тайинли ишламади. Буёғига энди “шапка” тизими ҳам қайтиши ҳақидаги тахминлар пайдо бўла бошлади. Монополистнинг шўринг қургур ўзбекистонликларга қилаётган муносабатини таърифлаш учун айтилмаган гапнинг ўзи қолмади очиғи.

Долларнинг янги марраси ва бошқа иқтисодий хабарлар

Салондаги автомобиллар нархи долларга чаққанда нисбатан камтарроқ кўриниши доллар курсининг кўтарилаётгани билан ҳам боғлиқ. Ҳафта давомида доллар курси биринчи марта 11 700 сўмлик психологик нуқтадан ўтиб, 11 720 сўмгача кўтарилди. Шу тариқа, йил бошидан бери 8 ой давомида сўм долларга нисбатан 3,7 фоизга қадрсизланди. Таққослаш учун, 2021-2022 йилларда сўмнинг долларга нисбатан девалвацияси 3,5 фоиз атрофида сақланиб қолаётганди. Бу йилги кўрсаткич юқорироқ бўлишида рублнинг кескин қадрсизланаётгани алоҳида ўрин эгаллаши мумкин.

Алмашув курси ошаётгани фонида, расмий ҳисоб-китобларга кўра инфляция даражаси пасайишда давом этяпти. Статистика агентлиги июл ойида 0,2 фоизлик дефляцияни қайд этиши билан, йиллик инфляция 2016 йил август ойидан бери биринчи марта 9 фоиздан пасайди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Марказий банк раҳбарлари улар томонидан олиб бориладиган муқобил таҳлиллар ҳам инфляция бўйича расмий статистикани тасдиқлаётганини айтганди.

Ҳукумат йил якуни бўйича пул қадрсизланишини 9,5 фоиздан оширмасликни мақсад қилган. Бунга эришишда бир нечта мураккабликлар бор: доллар курси кўтарилишининг нархларга таъсири, сентябр ойида режалаштирилаётган ойлик маошларнинг бироз оширилиши, давлат бюджети дефицити бўйича меъёрга амал қилинмаслиги ва энг муҳими – тартибга солинадиган нархларнинг кўтарилиши. Ўтган ҳафта айрим ҳудудларда ичимлик суви тарифлари 2 баробаргача оширилган эди. Бу ҳафта Аи-92 бензинига чегирма бекор қилиниб, нарх 7500 сўмдан 8600 сўмга кўтарилди. Тез орада Тошкентда автобус ва метро тарифларини ошириш, шу билан бирга, бир соат ичидаги алмашишлар учун имтиёзли нархлар белгилаш режа қилиняпти.

Инфляцияни жиловлашда асосий мураккаблик газ ва электр энергияси нархлари оширилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биздаги маълумотларга кўра, 4 йилдан буён ўзгаришсиз қолаётган газ-свет тарифлари сентябр ойидан бошлаб 3 баробаргача оширилиши режа қилинган. Бунда аҳоли хонадонлари учун ижтимоий норма белгиланиб, шу норма доирасида нархлар ўзгаришсиз қолиши кутиляпти. Иқтисодчиларга кўра, бу чора ва ундан кейинги қадамлар Ўзбекистонни энергетикадаги муаммоларга ечим бўладиган эркин бозор томон олиб бориши керак.

Маълумотларга кўра, газ ва электр тарифлари оширилиши аввалига август ойига режа қилинган, лекин бутун июл ойи кўпдан кўп электр узилишлари билан ўтгани учун нарх ошишини эълон қилиш кечиктирилган. Энергетика вазирлигига кўра, июл ойида аномал иссиқ сабабли тармоқда шу қадар кўп мажбурий чеклов киритилганки, чеклов миқдори июн ойига нисбатан 5 баробарга ошиб кетган. Умуман, июн-июл ойларида истеъмолчиларга етмай қолган жами электр энергияси миқдори 210 млн kWh'га тенг бўлган. Бу рақамни тушуниш учун, масалан, ойига 200 kWh электр ишлатадиган 1 миллионта оиланинг 1 ой давомида буткул светсиз қолишини тасаввур қилиш мумкин. Ўз навбатида, энергетиклар ҳам қўл қовуштириб ўтирмагани, аҳолига рекорд даражада кўп электр энергияси етказиб берилгани маълум қилинди.

“Ўзгидромет” маълумотига кўра, июл ойида ҳарорат +40 даражадан ошиб кетган кунлар кескин кўпайган. Масалан, кўп йиллик меъёрларга асосан, Тошкентда ҳаво 40 даражага етиши йилига ўртача 2 марта рўй беради, бу йил эса июл ойининг ўзида бундай кунлар сони 8 та бўлган. Июл давомида Термизда 24 кун, Нукусда 8 кун термометр 40 даража ёки ундан юқорисини кўрсатган ва булар ҳам кўп йиллик меъёрларга нисбатан аномал кўрсаткичлардир.

Айнан шунақа иссиқ кунларда умумий тармоққа юкламани енгиллаштиради деган ишонч билан, республика бўйлаб қуёш панелларини ўрнатиш кампанияси давом этяпти. Июл ойида давлат идоралари ва ижтимоий муассасаларга қуёш панеллари сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ юзлаб тендер савдолари ўтказилди. Лекин Kun.uz суриштируви бу ишлар эртага кутилган натижани бермаслиги эҳтимолига ишора қиляпти. Чунки миллиардлаб сўмлик тендерларнинг айримларида бошқа соҳага ихтисослашган, қуёш панели ўрнатиш тажрибаси йўқ фирмалар ғолиб деб топилган. Айнан панеллар бўйича тажрибага эга профессионал компаниялар эса улардан арзонроқ нарх таклиф қилган бўлса ҳам, тендерни юта олмаган ҳолатлар бор. Шундай экан, бироз вақтдан кейин “фалон идорага ўрнатилган қуёш панеллари ишламаётгани маълум бўлди” деган сарлавҳали хабарлар пайдо бўла бошласа ажаб эмас.

Давлат харажатларга пул етказолмаяпти

Солиқ қўмитасига Қудбиевнинг, қўмитага эса мустақилликнинг қайтарилиши президент томонидан солиқ соҳаси қаттиқ танқид қилингани ортидан рўй берди. Чоршанба куни Тошкент вилоятида ўтган селекторда Шавкат Мирзиёев солиқчилар орасида йилдан йилга коррупционерлар кўпайиб бораётгани, солиқ органлари “эски замон касали”га чалинганини айтди.

“Солиқ идоралари қўшимча манбалар топиш ўрнига, эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олган”, деди президент. Йиғилишда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи, Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда 26 та солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан олинди.

Шавкат Мирзиёев биринчи ярим йилликда солиқ тушумлари 7,5 фоизга ошганини айтиб, бу мавжуд салоҳиятдан анча камлигини таъкидлади. “Тан олиш керак – кундан кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти”, – деди у.

Президентнинг бюджет даромадларидан кўнгли тўлмаётгани ҳақидаги баёнотидан икки кун олдин, ҳукумат бюджет дефицитини кескин ошириш ниятида экани маълум бўлганди. “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасига кўра, давлат бюджети дефицитининг ЯИМга нисбатан чекланган миқдорини 5 фоизга ошириш таклиф қилиняпти. Бу ҳукуматнинг бу йил ҳам қонунда кўрсатилган 3 фоизлик лимитга “сиғмаётганидан” дарак беради.

Лимитни ўтган йилгидек 4 фоизга эмас, бирданига 5 фоизга ошириш режа қилингани ва юқорида айтиб ўтилган баёнотни умумлаштириб хулоса қилсак, дефицитнинг ошишига нафақат тийиқсиз харажатларнинг ошиб кетгани, балки даромадлар кутилганидек эмаслиги ҳам сабаб бўлаётганга ўхшайди. Бу борада аниқ хулосалар айтишимиз имконсиз, чунки Қудбиев бюджет харажатлари ва даромадлари ҳақидаги маълумотларни ёпиб қўйган. Жамшид Қўчқоров вазирликка қайтиб, ишни шу маълумотлар бериб борилишини тиклашдан бошласа, олқишга сазовор иш қилган бўларди.

Жамоатчиликдаги фикрга кўра, бюджет даромадларининг кутилганидек бўлмаётгани сон-саноқсиз солиқ имтиёзлари билан боғлиқ. Буни шу ҳафта Kun.uz'га интервю берган солиқ эксперти Мурод Муҳаммаджонов қуйидагича ифодалади:

“300 мингдан ортиқ айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар бюджетнинг 2 фоизини ташкил қилади. Лекин чиқарилаётган қонунларимиз 70-80 фоиз ҳолатда айнан шу 300 мингтага тааллуқли бўлиб қоляпти. Айрим гигантлар, монополлар... Уларнинг кимлигини айтавериб, жонга ҳам тегди, фойдаси бўлмаяпти. Шуларга берилган имтиёзлардан 2 тасини олиб ташлайдиган бўлса, 300 мингта солиқ тўловчига умуман солиқ тўламайдиган имконият яратиб берсак ҳам бўлади. Майда нарсаларга ўралашиб қоляпмиз. Солиқ объектлари, базалари асосан жуда катта гигантларда”.

Дефицитнинг ошиши ўзи нимаси билан хавфли деган саволга эса ўтган ҳафта Марказий банк эълон қилган баёнотда жавоб берилган эди. Регуляторга кўра, ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бюджет дефицити белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Оддийроқ айтганда, Марказий банк инфляцияни жиловлаш учун ҳукуматни қонунда ёзилган 3 фоизлик лимитдан чиқмасликка, бюджет интизомига риоя қилишга чақирган.

Иқтисодчилар инфляцияни камбағалларга солиқ деб таърифлайди. Чунки одамнинг даромади қанча кам бўлса, у нарх-наво ошишини шунча кўп ҳис қилади. Юқорида инфляция 9 фоизга, яъни 7 йиллик минимумга тушганини айтгандик. Лекин унинг таркибидаги озиқ-овқат инфляцияси салкам 11 фоизни ташкил этяпти. Аҳолининг реал даромадлари ўсиши секинлашган ҳозирги давр учун бу кичкина кўрсаткич эмас.

Статистика агентлиги Ўзбекистондаги расмий иш берувчилар томонидан ўз ходимларига ҳисобланган ойликлар миқдори бўйича статистикани очиқлади. Унга кўра, 1-ярим йиллик якунлари бўйича аҳолининг ўртача номинал иш ҳақи 4 млн 332 минг сўмга тенг бўлган. Энг кўп маош молия ва суғурта соҳаларида – ўртача 12,4 млн сўм. Ахборот ва алоқа соҳасидаги маошлар эса 9,5 млн сўм атрофида. Бу борада охирги ўринларни доимгидек таълим ва тиббиёт эгаллаб келишда давом этяпти. Январ–июл ойларида таълим соҳасида ишловчилар ўртача 3 млн, тиббиётда эса 2,9 млн сўм ойлик олишган. 12 фоизлик даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловлар ҳам шу сумманинг ичида.

Ўқитувчилар ва шифокорларнинг маоши бошқа касб эгаларига қараганда анча секин ўсяпти. Бу – уларнинг бошқа соҳалар вакилларига қараганда камбағаллашаётганини англатади. Таълим ва тиббиётда ойликлар республика бўйича ўртача ойликлардан ҳам пастроқ даражада. Аввал ҳам айтганимиздек, бу адолатсизликка барҳам беришда ёрдам бериши мумкин бўлган нормалар, яъни пулга бориб тақаладиган масалалар “Педагог мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан чиқариб ташланган. Шу ҳафта депутатлар лойиҳани 2-ўқишда маъқуллади. Ҳужжатнинг асосий тафсилотлари билан қонунни қабул қилишнинг кейинги босқичларида маълумот бериб ўтамиз.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бошланди. 1–13 август кунлари бўладиган тестларда қатнашиш учун 950 мингга яқин абитуриент ариза берган. 1 август куни интернет фаоллари бир неча йиллар олдин шу санада яратилган фавқулодда ажиотажни эслаб, жуда кўп муаммолар аслида сунъий тарзда яратилиши ҳақида фикрлар билдирди. 1-кун натижалари чиққач эса ноҳақликларга сабаб бўлаётган қабулдаги имтиёзлар масаласи муҳокама марказида бўлди.

Блогер Абдуқодир Мўминов 7 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Прокурор судядан унга 11 йил беришни сўраганди. Товламачилик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган судланувчига 3 йил муддатга журналист ё блогерлик фаолиятини юритмаслик, жиноят оқибатида етказилган зарарларни қоплаш мажбуриятлари ҳам юкланди. Kun.uz суҳбатлашган мутахассисларга кўра, журналист ва блогерларнинг қамалиши билан боғлиқ кетма-кет рўй бераётган ҳолатлар ҳукумат ва ОАВ ўртасида ҳал қилиниши керак бўлган тизимли масалалар борлигини кўрсатяпти.

Кам сонли мустақил нашрлардан бири бўлган Azon.uz'нинг барча лойиҳалари ўз фаолиятини тўхтатди. Нашр асосчиси, диний уламо Мубашшир Аҳмад бунга нима сабаб бўлганини очиқламади. “Кейинроқ, маъқул топилса маълум қилинади”, деб ёзди у. Azon.uz диний, маърифий ва сиёсий контентни ўзида жамлаган Ўзбекистондаги йирик мустақил нашрлардан бири эди. Лойиҳанинг 1,2 миллиондан ортиқ обуначига эа YouTube канали номи Fikrat деб ўзгартириди, каналдаги диний видеолар ўчирилгани айтилмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими йиғилишда ўз ҳақини талаб қилган мактаб директорини қаматтирди. Воқеа видеосидан кўринишича, мактаб директори ўзини ишдан олган вилоят ҳокимига саволлар билан мурожаат қилиши ортидан, ички ишлар ходимлари уни олиб чиқиб кетган. Мактаб директори шу куниёқ суд қарор билан 10 суткага қамаб қўйилган. Воқеа судларнинг ҳокимлар чизган чизиғидан чиқолмаслигини кўрсатиб бергани билан кўплаб эътирозларни келтириб чиқарди.

Фарғонада содир бўлган ҳуқуқбузарлик қаршисида ички ишлар ходимлари бор-йўғи томошабин бўлиб турди. Видеоси тарқалган воқеада “Яндекс-такси” чақирган эркак етиб келган ҳайдовчи билан жанжаллашиб, унинг машинасини пачақ қилган. Ички ишлар ходимларининг ҳаракатсизлиги ҳақидаги танқидлардан кейин, Фарғона вилоят ИИБ ҳуқуқбузар ушлангани, уч нафар ходим эса лавозимидан бўшатилганини маълум қилди.

Ўзбекистондаги ҳар 4 та лифтнинг биттаси талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда лифтларда рўй берган бир қатор нохуш ҳолатлардан кейин Сенатда ҳисоб берган Саноат хавфсизлиги инспекцияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов маълум қилди. Унинг айтишича, янги кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида инспекция иштирок этмайди. Фойдаланишга қабул қилиш комиссиясига бу органнинг ҳам вакилларини киритишни сўраб бир неча марта мурожаат қилинган, лекин масала ҳалигача ечимини топмаган.

Мавзуга оид