Қоидабузарларга кулгили жазо, “йил ўқитувчилари”га квартира — ҳафта дайжести
“Автотерроризм” авжида: салкам 200 тезликда ҳаракатланган артист арзимас жарима билан қутулди. Грин-карта мавсуми бошланди: миллионлаб ўзбекистонликлар Америкага кетиш умидида ариза тўлдирмоқда. Президент “Йил ўқитувчиси” танловини эълон қилди: ҳар йили 200 дан ортиқ педагогга уч хонали квартира берилади. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Борган сари авжига чиқаётган қоидабузарликлар
Одамлар жиноятга қўл уриш ёки урмаслик ҳақидаги қарорларини рационал тарзда қабул қилади. Инсон ҳар қандай қилмишга қўл уришдан олдин тарозининг бир палласига ўзи оладиган фойдани, иккинчи палласига эса эҳтимолий оқибатларни қўйиб кўради. Агар жиноят учун жазо енгил бўлса, табиийки тарозининг қонунбузарлик турган палласи оғир келади ва одамлар қонунни бузишга мойил бўлади.
Бу – иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Гари Беккернинг жиноят назариясидан қисқача хулоса эди. Иқтисодиёт фанидан ташқари, социология, криминология ва психология каби фанларда ҳам ҳаддан ташқари юмшоқ жазоларнинг самарасиз бўлиши исботланган. Афсуски, Ўзбекистон шароитида бунинг исботини кўриш учун илмий тадқиқот қилишнинг ҳожати йўқ. Кунда-кунора автомобилини жуда катта тезликда бошқаргани билан мақтанувчи потенциал қотиллар Instagram'да қонунларга ҳурматсизлигини намойишкорона кўрсатади, бу билан айниқса ота-оналарнинг кўнглига ғулғула солади, ҳаётимиздан хотиржамликни аритади. Айримлари бировнинг боласини босиб ўлдириб ҳам, боладан кўра кўпроқ темир аравасига етган зарарга ичи ачийди.
Давлатга келсак, қоидабузарларнинг арзимаган жаримани тўлаб, яна шаталоқ отишда давом этаётганига давлат томошабин бўлишдан нарига ўтмайди, кези келса ҳатто жазодан озод қилиб юборишдан ҳам тап тортмайди.
Ачинарлиси, яқин-яқингача камера қаршисида номига бўлса-да узр сўраган қоидабузарлар энди пушаймон эмаслигини яшириб ҳам ўтирмаяпти. Буни мақтанчоқ қоидабузарлардан эстафетани қабул қилиб олган ашулачи Жаҳонгир Отажонов мисолида яққол кўриш мумкин. У Тошкент–Самарқанд йўлида бир қўлида телефон, иккинчи қўлида рулни ушлаб, машинасининг тезлигини 195 км/соатгача чиқарганини видеога олиб, Instagram'га жойлади. Видеода у пиёдалар ўтиш жойидан салкам 150 км/с тезликда ўтганини кўриш мумкин. Отажонов салкам 200 км/соат тезликка чиққани, устига устак телефон ишлатгани учун жами 4,5 млн сўм, чегирма билан ҳисоблаганда 2 млн 250 минг сўм жаримага тортилди холос. У ЙПХ ходимлари билан суҳбатда “ҳайдаб кўрдим-да энди, нима дейсиз” деган бўлса, ўзи чиқарган алоҳида видеода машинасини сўкиб, заҳарҳанда кулганини кўриш мумкин.
Ундан аввалроқ Нигина Мелиқўзиева исмли блогер Тошкент шаҳрида катта тезликда “шашка” деб аталадиган хавфли бурилишлар билан автомобил бошқарганди. Бунинг жазоси – 3,4 млн сўмлик жарима ва бефарқ оҳангда узр сўрашдан иборат бўлди холос. Маълумот учун, блогернинг Instagram Stories'даги битта рекламаси нархи бир неча юз доллар туради. Унга солинган жарима эса, чегирма билан ҳисоблаганда, 140 долларга ҳам бормайди.
Инсонлар, айниқса болаларнинг хавфсизлиги ва ҳаёти қадрланадиган давлатларда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш анча жиддий жавобгарликка сабаб бўлади: жарималар миқдори тийиб тура оладиган даражада юқори, бир қатор ҳолатларда қоидабузарлар узоқ муддатга, ҳатто бутун умрга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади, автомобиллари эса жиноят қуроли сифатида мусодара қилинади. Агар Ўзбекистонда ҳам шундай нормал қоидалар ишлаганида, юқорида айтганимиз блогернинг ҳам, ашулачининг ҳам қилмишидан кейинги ҳаракатлари умуман бошқача бўлиши аниқ эди.
Рўй берган аварияларнинг катта қисми пиёдалар ўтиш жойида бўлаётгани ривожланган давлатларнинг яна бир тажрибасини ўрганишимиз кераклигини кўрсатяпти. Бу – аҳоли пунктларидаги пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳага кириб келиш нуқталарини йўл сатҳидан баландроқ қилиб кўтариш билан боғлиқ. Илғор мамлакатларда бундай баландликлар аҳоли яшаш пунктларида хавфсизликни таъминлашнинг энг асосий воситаларидан бири деб қаралади, чунки бу ҳолатда ҳайдовчи истаса-истамаса тезлигини пасайтиришга мажбур бўлади.
Душанба куни Юқори Чирчиқ туманида рўй берган автоҳалокат бунинг заруратини яхши кўрсатиб беради. Воқеада Cobalt ҳайдовчиси мактаблар атрофида тезликни 30 км/соатдан ошириш тақиқланганига қарамай, бу талабга риоя қилмаган ва пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 11 ёшли ўқувчи қизни уриб юборган. Расмий хабарга кўра, қизалоқ енгил жароҳатланган, шифохонада тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи яхшилиги сабабли уйига жавоб берилган.
Чоршанба куни Бухоро вилояти Қоракўл туманида содир бўлган бошқа бир авария эса мактаб ўқувчисининг ўлими билан якунланди. Lacetti пиёдалар ўтиш жойида қизил чироқда ўтаётган 3 нафар ўқувчи қизнинг 2 нафарини уриб юборган, улардан бири вафот этган, иккинчиси шифохонага ётқизилган. Kun.uz манбасига кўра, мактаб ўқувчилари эрта тонгда репетиторга кетаётган бўлган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи қўлга олинган.
Яна бир бор таъкидлашимиз керакки, бу ва бошқа кўплаб авариялар – масъулларнинг реал ишлайдиган, самарали чораларни йиллардан бери пайсалга солиб келаётганининг бевосита оқибати. Лекин афсуски, қилиниши керак бўлган ўзгаришлар қанчалик катта бўлса, уларнинг амалга ошишига нисбатан умидлар ҳам шунчалик кичкина бўлиб кўринмоқда.
Ўзбекистон ҳукуматига солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Ташкилот миссиясининг хулосасига кўра, Ўзбекистонда давлат бюджети даромадларининг ЯИМга нисбати пасайиб кетиши кутилмоқда ва бу солиқ имтиёзларининг ҳаддан ташқари кўплиги билан боғлиқ. Халқаро экспертлар солиқ органларининг қонундан четга чиқиши ҳолатларига ҳам эътибор қаратиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирган.
Ҳисоботда айтилишича, энергоресурслар тарифлари оширилишининг иккинчи тўлқиндаги таъсири, шунингдек, сентябр-октябр ойларида ойликлар ва пенсияларнинг оширилиши инфляция кучайиши билан боғлиқ хатарларни яратади. Шу сабабли Халқаро валюта жамғармаси мақсадли инфляция даражасига эришилмагунча қаттиқ пул-кредит сиёсатини сақлаб қолишни тавсия этмоқда. Агар инфляция кутилганидан ошиб кетса, Марказий банк ставкаларни оширишга тайёр туриши керак, дейилади ҳисоботда.
Статистика агентлигига кўра, сентябр ойида йиллик инфляция 10,5 фоизни ташкил этган. Йил бошидан бери дори нархлари салкам 25 фоизга, метан нархи 36 фоизга, бензин 14 фоизга, мол ва қўй гўшти 11–12 фоизга қимматлашган. Гўшт нархининг ошиши Қирғизистон жорий этган тақиқ фонида яна давом этиши мумкин. Маълум бўлишича, қўшни мамлакат расмийлари ички бозорда гўшт нархи кескин кўтарилганини Ўзбекистонга экспорт кўпайгани билан боғлаб, гўшт экспортини вақтинча тақиқлаб қўйган. Бу тақиқ ўтган ҳафта бекор қилингани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилди. 1 октябрдан эътиборан эса ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маошлари 15 фоизга, бюджет ташкилотларида ишловчи бошқа ходимларнинг маошлари 10 фоизга кўтарилди. Индексация қилинган базавий ҳисоблаш миқдори 375 минг сўмни ташкил этади.
Туман (шаҳар) миқёсида энг яхши деб топилган ўқитувчиларга уй берилади
Ўзбекистонда “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, ғолибларга 3 хонали уй берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа вакиллари билан ўтказган мулоқотида айтиб ўтди.
“Ҳар йили “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, туман ва шаҳарларда ғолиб бўлган ўқитувчиларга президент совғаси сифатида уч хонали уй берилади. 208 нафар ўқитувчи уч хонали уй олади. Лекин уй бекордан бекорга берилмайди. Туманда ғолиб бўлиш керак, туманда донғи кетган бўлиши керак. Нима учун ўқитувчиларга беряпман? Бу энг тўғри йўл”, – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президент ўқитувчиларнинг ойлиги 1 октябрдан 15 фоизга оширилганини таъкидлаб, келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификати йўлга қўйилишини маълум қилди. Бу сертификат учун ўтказиладиган синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади. Бу билан ўқитувчилар учун минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бораётганини яққол кўриш мумкин, деди Шавкат Мирзиёев.
“Бугун муаллимларнинг 88 фоизи 6 млн сўмгача, 11 фоизи 6-10 млн сўм маош олмоқда. Ўз устида астойдил ишлаган, хорижий сертификат олган 6 минг ўқитувчи 10 млн сўмдан зиёд маош олмоқда. Бошлаганимизда ҳеч ким бизга ишонмас эди, 2020 йилда бундай ўқитувчилар бор-йўғи 102 тагинани ташкил қиларди, мана ҳозир 6 мингта. Албатта, бу ҳали етарли эмас, лекин ушбу рақам кейинги икки йилда 5,3 баробар ошганини таъкидлашимиз лозим”, – деди давлат раҳбари.
Йиғилишда маълум қилинишича, санаторий ва дам олиш масканларига юбориладиган ўқитувчилар сони 2 баробар оширилади, келаси йили яна 2 мингдан ортиқ компютер синфлари янгиланади, сунъий интеллектга асосланган таълим платформаси ишлаб чиқилади. Иқтидорли ёшларни халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази очилиши, педагогика йўналишида ўқиётган талабалар учун Абдулла Авлоний номидаги стипендия таъсис этилиши кутилмоқда.
Туризмни ривожлантириш учун янги чоралар
PayPal, Apple Pay, Google Pay каби халқаро тўлов тизимлари Ўзбекистонда ҳам ишлай бошлаши мумкин. Туризм ривожлантиришга доир ҳукумат қарорига асосан, Марказий банкка ушбу компаниялар билан музокаралар ўтказиб, уларнинг хизматларини Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига улаш топшириғи берилди. Зарур ҳолатларда миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, автомобилларни ижарага бериш хизматларини кўрсатувчи компаниялар ҳам таклиф этилиши кутилмоқда. Транспорт вазирлигига Hertz, Avis, Sixt каби брендлар билан музокара ўтказиб, уларга Ўзбекистондаги аэропортлар ва темирйўл вокзалларида автоижара фаолиятини йўлга қўйиш учун шароит яратиб бериш вазифаси топширилди.
Қарор билан туризмнинг янги турларини жорий қилиш кўзда тутилган. Унга кўра, заводлар қандай ишлашини кўрсатувчи саноат туризми, конлар ва шахталарга саёҳатни кўзда тутувчи геология туризми, лабораториялар ва обсерваториялар билан таништирувчи илмий туризм йўналишлари очилади. Ҳарбий туризмга қизиққанлар учун пулли ўқ отиш хизматлари йўлга қўйилади. Сиёсий ҳаётга бефарқ бўлмаганлар эса давлат бошқаруви органларининг бинолари ичкарисида сайр қилиши мумкин бўлади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов лавозимидан озод этилди. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева у билан учрашувда кўрсатган натижалари учун миннатдорчилик билдирди. Комил Алламжонов фаолиятини хусусий секторда давом эттиради. У истеъфосининг эртасига, ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабат билан йўллаган табригида таълим соҳаси вакилларини зудлик билан сунъий интеллект имкониятларини ўрганишга чақирди. “Бу худди “кнопка”ли телефонлар даври тугаб, смартфонлар даври бошлангандек гап... Бу – бугунги давр революцияси”, деди Алламжонов.
Тошкент давлат аграр университетида йирик ёнғин рўй берди. 2 та бино бутунлай ёниб кетган, яна 2 тасига жиддий зарар етган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда. Гувоҳларнинг сўзлари ва ҳодиса видеоларига қараганда, ёнғин бинолардан бирининг томидаги қуёш панелларидан бошланган бўлиши мумкин. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу воқеанинг эртасига Самарқанд архитектура-қурилиш университетида ҳам ёнғин чиқиб, олийгоҳнинг янгидан қурилаётган фаоллар зали ёниб кетди.
Тошкентда 20га яқин кўп йиллик дарахтларни ўлдиришга ҳаракат қилинмоқда. Учтепа тумани Нуробод маҳалласидаги дарахтларнинг остига бир неча марта заҳарли модда қуйиб кетилган. Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, биринчи ҳолат июл ойида кузатилган, лекин айбдорлар ҳалигача топилмаган. Kun.uz суриштирувига кўра, туман ҳокими бу жойда дўкон қуриш учун 2018 йилда қарор чиқариб берган. Экология вазирлигига кўра, ҳоким ер ажратишдан олдин экологик хулоса олмаган. Дарахтзор ерни қурилиш қилиш учун бериб юборганларга нисбатан, одатдагидек, ҳеч қандай жавобгарлик масаласи кўрилмаяпти.
Грин-карта мавсуми бошланди. Америкада яшашни истовчи миллионлаб ўзбекистонликлар бу йил 2 октябрдан 5 ноябргача ариза топшириши мумкин. АҚШ Давлат департаменти доимгидек фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирмоқда. Ғолиблар келаси йил май ойида эълон қилинади. Эслатиб ўтамиз, расман Хилма-хиллик дастури деб аталадиган виза лотереяси АҚШ аҳоли орасида миллатлар хилма-хиллигини бойитиш учун йўлга қўйилган. Дастур орқали Қўшма Штатларга иммиграция даражаси тарихан паст бўлган халқлардан ҳар йили 55 минг кишига доимий яшаш имконияти тақдим этилади.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024