16:28 / 09.08.2023
45758

Бухорода она 3 кунлик чақалоғини тунда касалхона ёнига ташлаб кетди 

Қоракўл тумани марказий касалхонаси ёнида сумка ичида қолдирилган чақалоқни шу атрофда хизмат вазифасини ўтаётган ИИБ ходимлари топиб олган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Қоракўл туманида 28 ёшли аёл ўзининг уч кунлик боласини кўчага ташлаб кетгани аниқланди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 8 август куни содир бўлган. Соат 1:30 ларда Қоракўл тумани марказида тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони туманлараро бўлинмаси сафдор ходими Шаҳзод Саидов ҳамда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори Ҳабиб Абдураҳмонов туман марказий касалхонасининг Гемодиализ бўлими рўпарасидаги Травм пункт биносининг орқа томонидан ўтаётганларида чақалоқ йиғисини эшитиб қолишган. Атроф синчковлик билан кўздан кечирилганида девор ёнида сумка ичида тахминан 3-5 кунлик чақалоқ борлиги аниқланган. 

Чақалоқ ички ишлар органлари ходимлари томонидан дарҳол туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига ётқизилиб, зарурий биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва соҳа мутахассислари назоратига олинган. 

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ўғил бола жинсига мансуб чақалоқ туманнинг Мироб маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган Б.З. томонидан ўз яшаш хонадонида дунёга келтирилгани ҳамда 7 август куни соат 21:00 атрофида ташлаб кетилгани фош этилган.

Ҳозирга пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Top