Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида катта ёшли эркак мактаб ўқувчиси бўлган қизга бузуқлик қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода алкогол таъсирида бўлган шахс ёш қизчани ўзи билан кетишга ундаётганини кўриш мумкин.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ҳолат бўйича расмий муносабат берди. Унда ҳодиса 23 октябр куни рўй бергани, фуқаро Ш.Р. томонидан 8 ёшли қизчага нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилгани қайд этилган.
Ҳолат юзасидан Қоракўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
«Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни прокуратура назоратида.
Қоракўл туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан вояга етмаган қизнинг ҳолати ўрганилиб, унга зарур ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда», дейилади муносабатда.
Ҳолат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олингани қўшимча қилинган.
Маълумот ўрнида: Жиноят кодексида бундай қилмиш учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган.

















