Аввало, китобхонга Ремаркни бу роман билан бошламасликни тавсия қиламан. Мен уни ёзувчининг бошқа романлари даражасида баланд баҳолай олмадим. Хулосаларимни ўртоқлашаман.
Сюжет. Машҳур автопойгачи Клерфе сил касалига чалинган шериги Холманнинг ҳолидан хабар олиш учун тоғдаги санаторийга боради. Клерфе у ерда худди шу касалликка учраган Лилиан исмли ёш қиз билан танишади.
Унинг яшашга жуда оз вақти қолган. Санаторийдаги зерикарли ҳаёт соғлигини тиклашга ёрдам бермайди. Лилиан ҳаётни кўриш ва яшаб қолишга вақт топиш учун Клерфе ёрдамида бу жойдан Парижга қочиб кетади.
Иккала қаҳрамон ҳам бугунни, ҳозирни яшашга ҳаракат қиладилар. Негаки Лилианнинг касали ҳар дақиқада унга ўлим соясини солиши, Клерфе учун ҳам исталган пойга охиргиси бўлиши мумкин. Уларда ўзаро ҳамдардлик ҳисси пайдо бўлади.
Парижга бориб, Лилиан истагандай ҳашаматли турмуш тарзида яшай бошлайдилар. Бироз ўтиб Клерфе унга бутунлай бошқача қарайди, чунки энди у Лилианни севиб қолган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам уни сақлаб қолишга ҳаракат қилар эди. Лилиан эса ҳар куни фақат яшашга, ҳаётдан кўпроқ нарсани олишга интилади, лекин ҳеч нарсага боғлана олмайди, ўзи ёқтирадиган нарсалари ҳам жуда кам. Клерфе турмуш қуришни таклиф қилганда, қиз уни ҳам тарк этишга қарор қилади.
Охири эса кутилмаган. Бу жиҳатдан асар китобхонни мутолаадан кейин ҳам кўп мулоҳазаларга чорлайди.
Моҳият. Ремаркнинг китобларида қандайдир тозаловчи бор. Уларнинг барчаси ҳаётга муҳаббат ҳақида.
“Қарзга олинган умр” соғлом ва тузалмас касал инсонларнинг ҳаётга турлича муносабати ҳақида ҳикоя қилади. Инсон умрини сарфлаши учун нималар арзирли эканини айтади. Асар иқтибослари билан ҳам машҳур. Айниқса, диалоглар жуда таъсирчан, қисқа ва қатъий. Мана шу жиҳатлар китобхонни уларни иқтибос сифатида сақлаб қўйишга ундайди. Романда енгилроқ образнинг ўзини топа олмайсиз. Барча қаҳрамонларнинг ҳаёт ҳақида ўз ҳақиқати бор ва бу диалогларда яққол кўринади.
Китобни ёпганда нималарни ҳис қиласиз? Биз яшаётган ҳаёт уни дунёнинг барча ранглари билан тўлдирадиган учрашувлар ва айрилиқлар билан ажойиб. Биз мўъжизаларга энг охирги лаҳзага қадар ишонамиз...
Ўлим одамнинг унга бўлган муносабатига бўйсунмайди, у унга тайёргарлик кўраётганларга ҳам, уни кутмаганларга ҳам келади. Бу жиҳатдан ўлим ва ишқ тенг.

















