Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NASA мутахассислари 2024 йилда рекорд даражадаги иссиқликни башорат қилмоқда
Олимларнинг башорат қилишича, 2023 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиш эҳтимоли 50 фоизни ташкил қилади. Бироқ, 2024 йил янада иссиқроқ бўлиши мумкин.
Ҳозирча 2023 йил рекордлар бўйича учинчи энг иссиқ йил сифатида тан олинган. Аммо унинг рейтингдаги ўрни кейинги ойлар натижаларига кўра ўзгариши мумкин.
«2023 йил 99 фоизлик эҳтимол билан энг иссиқ бешта йилдан бири бўлади ва 50 фоизлик эҳтимол билан тарихдаги энг иссиқ йил бўлади», деди Сара Капник, Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) бош илмий ходими.
NASA Годдард коинот тадқиқотлари институти директори Гэвин Шмидт сўзларига кўра, 2024 йил 2023 йилдан ҳам иссиқроқ бўлиши мумкин. Сабаби — Эл-Нинё иқлим феномени, Тинч океани экватор қисмида сув юзасидаги ҳарорат тебранишлари. Эл-Нинё иқлимга глобал таъсир кўрсатади, об-ҳавонинг ўта иссиқ бўлишига олиб келади, шунингдек экстремал табиий офатларни келтириб чиқаради.
Шмидтнинг башорат қилишича, Эл-Нинё таъсири 2024 йилда энг юқори чўққига чиқади. Шу сабабли, 2023 йилда ўрнатилган кўплаб ҳарорат рекордлари янгиланиши мумкин.
2023 йил июль аллақачон 174 йил ичидаги энг иссиқ ой сифатида тан олинди. Ўртача ҳарорат меъёрдан 1,12 даража юқори бўлди. Океанларнинг ҳарорати ҳам рекорд даражага етди.