Жаҳон | 08:54 / 17.08.2023
3861
2 дақиқада ўқилади

Литва Беларус билан чегарадаги иккита назорат-ўтказиш пункти ёпилганини маълум қилди

Литва ҳукумати бу қарорни «геосиёсий вазият» билан изоҳлади. Назорат-ўтказиш пунктларининг ёпилиши, жумладан, Беларусда «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарларининг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

16 август, чоршанба куни Литва ҳукумати Беларус билан чегарадаги олтита назорат-ўтказиш пунктидан иккитасини ёпиш ҳақида қарорини эълон қилди ва буни «геосиёсий вазият» билан изоҳлади. Қишлоқ ҳудудлардаги иккита назорат-ўтказиш пункти – Шумскас ва Тверячюс 18 август, жума кунидан бошлаб ёпилади, деб хабар берди Литва вазирлар маҳкамаси. Тижорат мақсадида ҳаракатланувчи транспорт воситалари ушбу назорат пунктларидан фойдаланмайди. 

Чегарада тўртта назорат-ўтказиш пункти ўз фаолиятини давом эттиради: Медининкай (Беларус томондан – Каменний Лог), Лаворишкес (Котловка), Райгардас (Привалка) ва Шалчининкай (Бенякони). 

«Вагнер» ёлланма аскарлари Беларусда

Кузатувчилар Литва ҳукуматининг иккита чегара назорат-ўтказиш пунктини ёпиш қарорини қўшни Беларус ҳудудида жойлашган «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарларининг эҳтимолий таҳдиди билан боғламоқда. Литвага қўшни Полша аллақачон Беларус билан чегарадаги деярли барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпиб қўйган, улардан фақат биттаси ишлаяпти. Бундан ташқари, Полша чегарачиларга ёрдам бериш учун яна 10 минг аскарни Беларус билан чегарага юбориш ниятида. 

23 июль куни Беларус раҳбари Александр Лукашенко «Беларусда жойлашган «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари «вазиятни таранглаштираётгани» ҳақида маълум қилди, сабаби унинг сўзларига кўра, улар «Варшавага экскурсияга бормоқчи». «Ғарбга кетмоқчимиз. Бизга рухсат беринг». Мен: «Нега Ғарбга боришни хоҳлаяпсизлар? - деб сўрадим. «Варшавага, Жешувга экскурсияга», деб жавоб қайтаришди», - деди Лукашенко. 

15 августдан бошлаб Латвия ҳам Беларус билан чегарага қўшимча чегара хизмати кучларини сафарбар қилди. Чегара қўшинлари ходимларга таътил беришни тўхтатди, шунингдек, таътилда бўлганларни ишга чақириб олди. Бу қарор «Латвия-Беларус давлат чегарасида тез ўсиб бораётган гибрид таҳдиди муносабати билан» қабул қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид