Литванинг LRT телерадиокомпанияси хабарига кўра, Синкявичюс бу ҳақда 19 октябр куни Вилнюсда Миллий хавфсизлик комиссияси йиғилишидан сўнг гапирган.
Бош вазирнинг айтишича, аппаратнинг Украинага тегишли эканини топилган парчалар, Украина томонининг мурожаати ва ҳужум пайтида дронлардан бири билан алоқа йўқолгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқламоқда.
«Эҳтимол, айнан шу дрон Литва Республикаси ҳудудида портлаган. У портловчи модда олиб юрганига шубҳа йўқ», — деган Синкявичюс.
У аввал мамлакатга дронлар Беларус томондан кириб келганини, бу сафар эса аппарат Полша йўналишидан учиб келганини таъкидлаган.
Ҳавога кўтарилган қирувчилар ҳаракатланаётган объектни радарларида қайд этган. Бироқ ноқулай об-ҳаво туфайли учувчилар уни бевосита кўриб, аниқлаш имконига эга бўлмаган.
Синкявичюснинг сўзларига кўра, дрон қулашининг аниқ сабаби ҳали маълум эмас. Эҳтимоллар орасида техник носозлик, ёнилғи тугаши, ер ёки дарахтларга урилиш бор.
18 октябр тонгида номаълум объект билан боғлиқ ҳолат сабаб Литва ва Латвияда ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш берилган. НАТО бўйича иттифоқчиларнинг ҳарбий авиацияси ҳам жалб қилинган. Дрон парчалари Литванинг Пасвалис туманидаги Юоджонис қишлоғидан топилган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги ўша куни ҳодиса юзасидан афсус билдирган. Вазирлик изоҳига кўра, Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга қарши операция вақтида дрон Россиянинг радиоэлектрон кураш воситалари таъсирида йўналишини ўзгартирган бўлиши мумкин. Бу эҳтимол ҳозирча ҳодисанинг тасдиқланган сабаби сифатида эълон қилинмаган.
















